Ички бозорни шакар билан таъминлаш учун захиралар етарли - мутахассис

Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларда истеъмолчиларга шакар етказиб бериш учун 300 минг тоннадан ортиқ шакар хомашёси захираси мавжуд.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 6 дек — Sputnik. Ўзбекистон ички бозорини 2023 йилда шакар маҳсулоти билан барқарор таъминлаш учун етарли захира мавжуд. Бу ҳақда Монополияга қарши курашиш қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Олимжон Ҳасанов Sputnik мухбирига маълум қилди.
Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларда шу йилнинг декабрь ойи бошида амалдаги барқарор нархларда шакар етказиб бериш учун етарли бўлган 300 минг тоннадан ортиқ шакар хомашёси захираси мавжуд.
Мазкур захира келгуси даврдаги шартномаларни инобатга олган ҳолда 2023 йилда ҳам ички бозорни шакар маҳсулоти билан барқарор таъминлаш учун етарли ҳисобланади.
Бугунги кунда республикада йиллик ишлаб чиқариш қуввати 690-720 минг тонна бўлган иккита шакар заводи шакар ишлаб чиқармоқда.
“Мамлакатда 2та шакар ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан биржа савдоларига ноябрь ойларида 48,5 минг тонна шакар қўйилиб (15,5 минг тн форвард асосида), шундан 46,4 минг тоннаси (96 фоизи) сотилган (14,3 минг тн форвард асосида)”, дейди Олимжон Ҳасанов.
Бунда, биржа савдоларида шакарнинг бошланғич нархи ўртача 9 280 сўмдан қўйилиб, 10 450 сўмга сотилган.
Бугунги кунда, ички бозорларда шакарнинг ўртача чакана нархи 12 000 – 14 000 сўмни, айрим олис ҳудудларда 13 000 – 15 000 сўмни ташкил этмоқда.
Давлат Статистика қўмитаси маълум қилишича, январь-сентябрь ойларида Ўзбекистон 10та хорижий давлатдан қиймати 33,2 млн долларга тенг бўлган 48,6 минг тонна шакар импорт қилган.
Бу йил Ўзбекистон энг кўп шакар импорт қилган давлатлар Ҳиндистон, Покистон, БАА, Хитой ва Эрон давлатлари бўлган бўлса, ўтган йили Россия ва Озарбайжон етакчилик қилган.
Январь-октябрь ойларида жами йирик корхоналар томонидан 544,5 минг тонна шакар ишлаб чиқарилган. Ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 10,5 % га ошган.
Шу ўринда яна бир маълумот, нутрициолог Ольга Гранинанинг айтишича, оддий оқ шакар ва малла шакар ҳам бир хил таъсирга эга.
Малла шакар вазн ташлашга ёрдам бермайди, чунки у худди оқ шакар каби юқори калорияли. Унинг ягона фойдали жиҳати шуки, у оқ шакар каби кўп қайта ишланмайди. Шунинг учун унинг таркибида фойдали моддалар кўпроқ қолиши мумкин.
Бироқ, мутахассиснинг айтишича, дўконларда ҳатто оддий шакарни ҳам малла рангга бўяб сотишлари мумкин, чунки у қимматроқ туради. Аммо, ҳар қандай ранг берувчи моддалар- аслида организмга ҳеч қандай фойда бермайдиган бўш углеводлар холос.