Тошкент ер усти метроси бекатларига ном бериш жараёни бошланди

Тошкентда географик объектлар ва ер усти метроси бекатларига ном бериш бўйича жамоатчилик фикрини йиғиш ва овозга қўйиш учун веб-саҳифа ишга туширилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 5 дек — Sputnik. Тошкент ер усти метроси бекатларига ном бериш жараёни бошланди. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Рақамли ривожланиш департаменти махсус сайтни (geonom.tashkent.uz) синов тариқасида ишга туширган.
Тошкент ер усти метроси бекатларига ном бериш бўйича веб-саҳифа ишга туширилди
Мазкур сайтдан 18 ёшга тўлган ва пойтахтда доимий ёки вақтинча рўйхатдан ўтган фуқаролар рўйхатдан ўтиб, янги географик объектларни номлаш ва мавжудларини қайта номлашда иштирок этиши мумкин.
Хабарда метрополитен ер усти линиясининг Дўстлик-Қўйлиқ ва Олмазор-Сергели йўналишларидаги 19 та бекатга ном бериш жараёнида фаол иштирок этиш сўралган.
Таклифларни киритишда қуйидагиларни эътиборга олиш лозим:
географик объектга энг хос бўлган белгиларни акс эттириши;
жойлашган ердаги географик объектлар номларининг мавжуд тизимига мос тушиши;
маҳаллий аҳолининг географик, тарихий, миллий, этник, тилга оид ва бошқа хусусиятларини ҳисобга олиши;
универсал ва қисқа – кўпи билан учта сўздан иборат бўлиши.
“Сайтда аҳолининг таклифлари йиғилади. Давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, тарихчилар, филологлар, ўлкашунос, топонимист, блогерлар ҳамда тегишли фаолият соҳаларида махсус билимларга эга бўлган экспертлардан иборат Ишчи гуруҳ келиб тушган таклифлардан ҳар бир бекат учун 3 тадан номни танлаб олади ва бу номлар онлайн овоз беришга қўйилади”, дейилади хабарда.
Таклифлар 5 декабрдан 11 декабргача қабул қилинади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент ер усти метросининг Қўйлиқ ва Сергели йўналишларидаги 19 та бекатга қандай ном бериш бўйича жамоатчилик муҳокамаси ўтказилиши маълум қилинганди.
Кенг жамоатчилик томонидан билдирилган таклифлар устида ишлаш мақсадида ишчи гуруҳ ташкил қилинган бўлиб, унда мазкур масалага масъул бўлган давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан бир қаторда, олимлар, тарихчилар, филологлар, ўлкашунос, блогерлар, топонимика соҳасида катта тажрибага эга бўлган мутахассислар таклиф этилган.