ТОШКЕНТ, 5 дек — Sputnik. Ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши ва қор ёғиши натижасида табиий газ истеъмоли сезиларли даражада ошди. Бу ҳақида "Ҳудудгазтаъминот" маълум қилди.
Хабарда қайд этилишича, 4 декабрь куни 3,9 миллиондан ортиқ истеъмолчига 68 млн куб метр табиий газ етказиб берилди. Бироқ,516 та маҳалла ёки 79 минг истеъмолчи хонадонида газ босими пасайган, 14 мингтасида газ таъминоти вақтинча тўхтатилган.
Аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларни “зангори” ёқилғи билан таъминлаш мақсадида “Ҳудудгазтаъминот” томонидан 10 мингдан ортиқ соҳа ходимлари жалб қилинган.
“Ҳозирда “Бинокор” ва “Бектемир” газ тақсимлаш станцияларида чиқиш босимини ошириш ишлари олиб борилмоқда ва бу пойтахтимизнинг Чилонзор, Учтепа, Шайхонтоҳур, Яккасарой, Миробод ва Сергели туманларида табиий газ босимининг яхшиланишига имкон беради”, - дейилади хабарда.
“Ўзтрансгаз” мутахассислари билан биргаликда Янгийўл тумани аҳолисининг газ билан таъминланишини яхшилаш масалалари ҳал этилмоқда, жумладан, Янгийўл маҳалласи Зафаробод кўчаси бўйлаб жойлашган 30 та хонадонда бу масала ҳал этилган, Чаманзор маҳалласида эса бу борадаги ишлар давом этмоқда.
Пойтахтдаги АГҚКШнинг иш жадвалига ўзгартиришлар киритилди, жамоат ва бошқа ижтимоий аҳамиятга эга транспортларга ёқилғи қуйиш ишлари тунда ҳам амалга оширилмоқда. Чекловлар аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларидан ташқари бошқа истеъмолчиларга қўйилади.
Ҳабарда фуқаролардан табиий газдан оқилона фойдаланишлари ва биринчи навбатда зарур бўлган газ жиҳозларини ишлатишни, уйдан чиқиб кетаётганда эса иситиш мосламаларининг ҳароратини иложи борича пасайтириш сўралмоқда.
“Ҳудудгазтаъминот” матбуот хизмати аҳоли ва ижтимоий объектларни ўз вақтида табиий газ билан таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида истеъмолчиларни хабардор қилишни давом эттиради.
Барча мурожаатлар, шикоятлар ва таклифлар 1104 call-маркази ва 104 диспетчерлик хизмати рақамлари, шунингдек, ижтимоий тармоғда газ таъминоти билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш учун очиқ гуруҳи орқали қабул қилинади.