Бухорода замонавий тиббиёт бирлашмаси очилди

Туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари маркази Ромитан, Пешку ва Бухоро туманлари аҳолисига ҳам шошилинч тиббий ёрдам кўрсатади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 5 дек — Sputnik. Бухоро вилоятининг Ромитан туманида туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари маркази очилди.
Қурилиш ишларига Бухоро вилояти ҳокимлиги 8 миллиард сўм маблағ сарфланган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан эса 9 миллиард сўм маблағ ажратилган ва мультиспираль компьютер томографияси (МСКТ) аппарати, замонавий рақамли рентген, лапораскоп, видеоэндоскоп, видеобронхоскоп, дефибриллятор, ИБЛ, УЗИ, лаборатория ва гемодиализ аппаратлари келтирилиб ўрнатилган.
Бухорода замонавий тиббиёт бирлашмаси очилди
Мазкур замонавий ускуналар воситаси кунига 100 нафар беморни қабул қилишга ва даволашга мўлжалланган.
“Марказга келтирилган беморларга замонавий тиббий аппаратуралардан фойдаланган ҳолда юқори технологик операциялар, шу жумладан, юрак-қон томирларига стенд қўйиш амалиёти йўлга қўйилди. Ушбу муолажалар жуда мураккаб бўлиб, малакали мутахассислар томонидан амалга оширилади. Компьютерли томограф ва замонавий рентген аппарати ёрдамида беморларга шошилинч равишда ташҳис қўйиш, ўз вақтида юқори малакали шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш имконияти мавжуд”, - дейди эндоскопист шифокор Ризамат Ҳасанов.
Марказда қўшимча равишда невропотолог, нейрохирург, реаниматолог, анастезиолог каби мутахассислар ҳам иш бошлаган.
Маркази Ромитан, Пешку ва Бухоро туманларининг аҳолисига шошилинч тиббий ёрдам кўрсатади. Унда олий тоифага эга 36 нафар шифокор, 73 нафар ўрта тиббиёт ходими, 30 нафар кичик тиббиёт ходими фаолият кўрсатмоқда.
“Марказга инсон танасида учрайдиган эрта ўсимталар, ошқозон раки, қизилўнгач ракини даволашда энг замонавий аппаратлар келтирилган. Бу аппаратлар ёрдамида беморга аниқ ташхис қўйилиб, унинг даволаниш даври ва касаллик босқичлари тўлиқ назоратда ушлаб турилади. Илгари инсондаги эрта ўсимта касалликларини даволашда замонавий технологиялар етишмасди, мана энди ҳамма шароитлар муҳайё бўлди”, - деди шифокор.
Маълумот учун, тиббий ёрдам масканига президент совғаси сифатида реаномобиль автомобили топширилган. Мазкур транспорт ёрдамида “А-380” русумли автомагистрал – “Ғузор – Бухоро – Нукус – Бейнеу” халқаро автомобиль йўлининг Ромитан тумани, Газли шаҳарчаси ва “Қизилравот” МФЙ ҳудудидан ўтган қисмида содир бўлаётган йўл–транспорт ҳодисалари натижасида турли даражадаги тан жароҳати олаётганларга шошилинч ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш хизмати йўлга қўйилган.