ЙПХ ходимларига наркотестердан фойдаланишга рухсат берилиши кутилмоқда

Ҳайдовчиларнинг гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар таъсиридан маст ҳолатда эканлигини аниқлашда наркотестер техник воситасидан фойдаланиш йўлга қўйилиши мумкин.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 4 дек — Sputnik. Ўзбекистонда йўл-патруль хизмати (ЙПХ) ходимларига наркотестердан фойдаланишга рухсат берилиши мумкин. ИИВ тегишли ҳужжат лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйган.
Ҳужжат билан ЙПХ ходимларга ҳайдовчиларнинг гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар таъсиридан маст ҳолатда эканлигини аниқлашда наркотестердан фойдаланишга рухсат бериш кўзда тутилмоқда.
“Текширув ЙПХ ходими томонидан махсус мослама (алкотестер, наркотестер) ёрдамида белгиланган тартибда транспорт воситаси ҳайдовчисининг оғиз бўшлиғидан чиқарилган ҳаводаги этанол буғлар концентрацияси миқдорини ёки биологик суюқлик (сўлак)да гиёҳвандлик ёхуд психотроп моддалар борлигини аниқлаш орқали ўтказилади”, - дейилади ҳужжат матнида.
Наркотестер ёрдамида аниқланган ҳолатлар бўйича транспорт воситалари ҳайдовчиларига нисбатан чоралар кўрилади.
Ҳайдовчида ўтказилган текширув натижаларига эътироз мавжуд бўлган ҳолларда у тиббий текширувдан ўтказиш учун туман (шаҳар) даволаш-профилактика муассасаларига олиб боради.