ТОШКЕНТ, 4 дек — Sputnik. ОПЕК+ мамлакатлари октябр ойидаги учрашувда келишилган кунига 2 миллион баррель нефть қазиб олишни назарда тутувчи режани ўзгартирмасликка қарор қилишди. Ташкилотнинг навбатдаги учрашуви 2023 йил 4 июнь куни бўлиб ўтади. Бу ОПЕК сайтида чоп қилинган якуний коммюникеда айтилган.
Шунингдек, ОПЕК+ иштирокчилари талаб ва таклифлар мувозанатини қўллаш учун ҳар қандай пайт учрашув ўтказишга ва бозор вазиятига жавобан зарурий қўшимча чораларни қабул қилишга тайёрликларини билдиришган.
ОПEК+ давлатлари ноябрь ойидан бошлаб нефть қазиб олиш ҳажмини кунига икки миллион баррелга қисқартиришга келишиб олган эди.
ОПEК+нинг ушбу қарори “жаҳон иқтисодиёти атрофидаги ноаниқликлар ва нефть бозори прогнозларини ҳисобга олган ҳолда”, шунингдек, альянснинг фаол ёндашувига мувофиқ қабул қилингани қайд этилган. Ушбу қарор битимнинг барча иштирокчилари томонидан қўллаб-қувватланганди.
Россия нефтига қарши санкциялар
Маълумот учун, 2022 йил 5 декабрдан бошлаб ЕИ, Австралия ва G7 давлатлари Россия нефтига нисбатан нархларнинг юқори чегарасини белгилаш тўғрисидаги санкцияси кучга кирди. Унга кўра, денгиз орқали экспорт қилинаётган Россия нефтининг юқор чегараси баррелига 60 доллар миқдорида белгиланган.
Россия президенти Владимир Путин Ғарбнинг ушбу санкциясига жавобан - Россия ўз манфаатларига зид равишд ва бозор тамойилларига номувфиқ равишда ҳеч кимга нефть етказиб бермаслигини таъкидлаган эди. Шу кунга қадар Россия Европа нефть эҳтиёжларининг 20%ини таъминаб келаётган эди.