Россия 2023 йилда 120 мингдан ортиқ меҳнат мигрантларини жалб қилмоқчи

Россия кириш учун таклифномалар ва чет эл фуқароларига ишлаш учун рухсатномалар бериш квотаси ҳам белгиланди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 4 дек — Sputnik. Россия 2023 йилда қарийб 124 минг нафар хорижий ишчиларни жалб қилишни режалаштиряпти. Россия Федерацияси ҳукуматининг тегишли қарори норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар интернет порталида эълон қилинди.

“2023 йил учун Россия Федерациясига виза асосида келадиган хорижий ишчилар жалб қилиш учун талаб 123 минг 943 нафар этиб белгилансин”, - дейилади ҳужжатда.

Қарорга кўра, хорижий фуқароларни энг кўп қуйидаги ишчи мутахассисликлар бўйича жалб этиш режалаштирилган:
тоғ-кон, капитал кончилик, қурилиш-монтаж ишларида банд бўлган ишчилар учун квота – 32 минг 808 киши;
йирик ва кичик саноат корхоналарининг малакали ишчиларига эҳтиёж – 23 минг 664 киши;
металлга ишлов бериш ва машинасозлик саноатига яна 14 минг 343 нафар хорижлик ишчи сифатида жалб этилиши режалаштирилган.
Малакасиз ишчи кучига эҳтиёж 7,2 мингдан ортиқ кишини ташкил этади.
2023 йилда Россияга кириш учун таклифномалар ва чет эл фуқароларига ишлаш учун рухсатномалар бериш квотаси бир хил миқдорда – 123 943 киши этиб белгиланди.