ТОШКЕНТ, 3 дек — Sputnik. 2022 йилнинг ноябрь ойида Тошкент шаҳри бўйича уй савдоси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўртача 8 фоизга (7814 дан 8408 га) ошган. Бу ҳақда Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институтининг расмий саҳифасида маълум қилинди.
Мазкур даврда 1 квадрат метр учун нархлар ўртача 27 фоизга ошган, яъни ушбу кўрсаткич 2021 йил ноябрда 849 доллар бўлган бўлса, 2022 йил ноябрда 1078 долларга етган.
“Тошкент шаҳрининг айрим ҳудудларида 1 квадрат метр учун уй нархлари ўртача кўрсаткичдан (1078 доллар) сезиларли даражада юқори ҳисобланади, хусусан, Мирободда – 1285 доллар (20 фоизга юқори), Яккасаройда – 1178 доллар (9 фоизга юқори), Шайхонтоҳурда – 1144 доллар (6 фоизга юқори), Мирзо Улуғбекда – 1137 доллар (6 фоизга юқори), Юнусободда – 1117 доллар (4 фоизга юқори)”, дейилади хабарда.
Маълумот учун: 2022 йил 9 ойида Тошкент шаҳри бўйича ўртача иш ҳақи 5,9 миллион сўмга етиб, 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 32,5 фоизга ўсган. Ушбу даврда йиллик инфляция даражаси 12,2 фоизни ташкил этгани ҳисобга олинса, реал иш ҳақи даромадлари 20,3 фоизга ошган. Ушбу даврда сўмнинг 1 АҚШ долларига нисбатан алмашув курси 10672,30 сўмдан 10973,39 сўмга (2,8 фоиз) ўзгарган.
2022 йил ноябрь ойида ўртача таъмирланган 2 хоналик уй нархи ўрта ҳисобда 55,7 минг долларни ташкил этган (2021 йил ноябрда - 41,6 минг доллар). Тошкент шаҳрида уй-жойга бўлган талабнинг ошиши, бир томондан, яшаш учун ижтимоий инфратузилманинг нисбатан яхшироқлиги билан изоҳланган.