Россиянинг Донбассдаги махсус ҳарбий операцияси

Россия ҳарбийлари Запорожье чегараларини қўриқлаб турибди – Балицкий

Ҳимоячиларимиз мудофаани бузиб ўтишга бўлган ҳар қандай уринишларни тўхтатади, дейди вилоят губернатори вазифасини бажарувчи Евгений Балицкий.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 3 дек — Sputnik. Россиялик ҳарбий хизматчилар Запорожье вилоятида чегарани қўриқлаб, мудофаани бузиб ўтишга уринишларнинг олдини олмоқда. Бу ҳақда вилоят губернатори вазифасини бажарувчи Евгений Балицкий маълум қилди.
Балицкий бир кун аввал Украина оммавий ахборот воситаларида Пологи шаҳрининг қўлга олингани ҳамда Михайловка ва Васильевка аҳолиси ва маъмуриятларининг эвакуация қилингани ҳақидаги маълумотни рад этди.
“Ҳимоячиларимиз чегарани қўриқлаб туради, мудофаани бузиб ўтишга бўлган ҳар қандай уринишларни тўхтатади ва бундай буйруқ келиб тушган заҳоти исталган вақтда ҳужумга ўтишга тайёр. Биз ўз еримиздамиз”, деб ёзди расмий ўзининг Telegram каналида.
23-27 сентябрь кунлари ДХР, ЛХР, Херсон ва Запорожье вилоятларининг Россия таркибига кириши бўйича референдумлар бўлиб ўтди.
30 сентябрь куни президент Владимир Путин овоз бериш якунлари бўйича Кремлда сўзга чиқди, шундан сўнг у янги субъектлар раҳбарлари билан Россия таркибига ҳудудларни қабул қилиш бўйича келишувларни имзолади.
Россия 24 февралдан бери Украинада ҳарбий операция ўтказмоқда. Владимир Путин унинг вазифасини “саккиз йил давомида Киев режими томонидан безорилик ва геноцидга учраган одамларни ҳимоя қилиш” деб атаган. Унинг сўзларига кўра, якуний мақсад Донбассни озод қилиш ва Россия хавфсизлигини кафолатлайдиган шарт-шароитларни яратишдир.