Қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинлар учун жавобгарлик белгиланмоқда

Қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинлар рекламаси учун ҳам жавобгарлик жорий этиляпти.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 2 дек — Sputnik. Ўзбекистонда қиморга асосланган онлайн ўйинларни ўйнаш ва уни реклама қилиш доир жазо ва жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев ўз Telegram саҳифасида хабар берди.
Депутатлар кўриб чиқаётган қонун лойиҳасига кўра, Жиноят кодексига қуйидаги ўзгартишлар киритилиши кўзда тутилмоқда:
Қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни қонунга хилоф равишда ташкил этиш, ўтказиш ёки уларда иштирок этиш учун телекоммуникация тармоқлари ёхуд Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали хизматлар кўрсатиш, тегишли дастурий таъминотдан нусха кўпайтириш, уни кўпайтириш, тарқатиш – БҲМнинг 50 бараваридан 75 бараваригача миқдорда жарима ёки 300 соатдан 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади;
қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни тарғиб қилувчи маҳсулотни қонунга хилоф равишда реклама қилиш, намойиш этиш, тарқатиш мақсадида тайёрлаш ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, худди шунингдек қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни тарғиб қилувчи маҳсулотни қонунга хилоф равишда реклама қилиш, намойиш этиш, тарқатиш, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида реклама қилиш, намойиш этиш, тарқатиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса – БҲМнинг 400 бараваридан 600 бараваригача миқдорда жарима ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилаётган қўшимчаларга кўра, қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни тарғиб қилувчи маҳсулотни қонунга хилоф равишда реклама қилиш, намойиш этиш, тарқатиш мақсадида тайёрлаш ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, худди шунингдек қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни тарғиб қилувчи маҳсулотни қонунга хилоф равишда реклама қилиш, намойиш этиш, тарқатиш, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида реклама қилиш, намойиш этиш, тарқатиш қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни тарғиб қилувчи маҳсулотни, шу жумладан уни тайёрлаш, тарқатиш, реклама қилиш ва намойиш этиш воситаларини мусодара қилиб, фуқароларга БҲМнинг 100 баравари, мансабдор шахсларга эса – икки юз баравари миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Маълумот учун, ушбу ўйинлар, айниқса, “онлайн” қимор билан боғлиқ жиноятлар 2019 йилда 55 та, 2020 йилда 86 та, 2021 йилда 103 та, 2022 йилнинг 6 ойида 90 тани ташкил этган.
Мутахассисларнинг фикрича, бундай ўйинлар инсонда қарамликни вужудга келтириб, катта миқдордаги пул маблағлари сарфлашига ва айрим фуқароларнинг ўз жонига қасд қилиш, фирибгарлик, бюджет маблағларни талон-торож қилиш каби ҳаракатлар содир этилишига сабаб бўлмоқда.
“Онлайн қимор”да ютқазганлиги сабабли 2021 йилда 6 нафар ва 2022 йилнинг 6 ойида 6 нафар фуқаро ўз жонига қасд қилиб, вафот этган. Уларнинг барчаси 25 ёшгача бўлган ёшлардир.
Аввалроқ Адлия вазирлиги Жиноят, Жиноят-процессуал ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга ўзгартириш киритувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиққани хабар қилинганди.
Ҳужжат қабул қилинса, фуқароларнинг қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларда иштирок этиб, пул маблағлари сарфлашига, бунинг натижасида ўз жонига қасд қилиш, фирибгарлик, бюджет маблағларини талон-торож қилиш каби салбий ҳатти-ҳаракатларни содир этишига йўл қўйилмайди.