Кекса ва ногиронларга қандай имкониятлар яратилган

Қайд этилишича, муҳтожларга етказилган протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари сони 24,5 мингтадан 42 мингтагача ошди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 3 дек — Sputnik. Ўзбекистонда кекса ва ногиронларга ажратилаётган протез-ортопедия мосламалари ҳамда техник воситалар сони икки баравар кўпайди. Бу ҳақда Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги директори Алишер Инаков маълум қилди.
“Мамлакатимизда ўзгалар парваришига муҳтож ҳамда ёлғиз яшайдиган кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга хонадонида, шунингдек, “Мурувват” ва “Саховат” интернат уйларида стационар шароитларда қатор тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатилмоқда. Жумладан, реабилитация марказларида тиббий-ижтимоий реабилитация ва абилитация чоралари кўрилмоқда, эҳтиёжманд кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар протез-ортопедия мосламалари ҳамда реабилитация қилишнинг техник воситалари билан таъминланяпти, сиҳатгоҳларда бепул йўлланмалар асосида соғломлаштирилмоқда, тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари томонидан фуқаролар кўрикдан ўтказилиб, уларга тиббий, ижтимоий, касбий реабилитация чоралари белгиланмоқда”, деди Инаков.
Қайд этилишича, ёлғиз кекса ва ногиронлиги бўлган шахсларга ҳар ойда бепул етказиладиган озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда гигиена воситалари тури 9 тадан 19 тагача кўпайтирилди.
2022 йилнинг июнь ойидан озиқ-овқат ва гигиена воситалари учун ҳар ойлик пенсияларга қўшимча равишда тўловлар жорий этилди. Муҳтожларга етказилган протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари сони 24,5 мингтадан 42 мингтагача ошди.
“Муҳтожларга бепул бериладиган протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари рўйхати 22 та турдан 30 тагача кўпайтирилди. Уйда ижтимоий хизмат билан қамраб олинганлар сони 15,7 минг нафардан 19,2 минг нафаргача, санаторийларда соғломлаштирилганлар сони 35,8 мингдан 43,0 минг нафаргача ошди”, дейилади хабарда.
Таъкидланишича, “Саховат” уйлари, уруш ва меҳнат фахрийлари, пенсионер ва ногиронлиги бўлган шахслар учун санаторийлар 17 та автобус билан таъминланди.
Маълумот ўрнида, 3 декабрь санаси жаҳонда Халқаро ногиронлар куни сифатида нишонланади. Бундан кўзланган асосий мақсад ногиронлиги бўлган инсонларнинг жамиятда ўз ўрнини топиши, тўлақонли ҳаёт кечириши учун кўмаклашишга дунё жамоатчилиги эътиборини қаратишдан иборат.
Ҳозирги кунда Ер шари аҳолисининг 1,1 миллиард нафарини кекса авлод вакиллари, 1 миллиард нафарини эса ногиронлиги бўлган шахслар ташкил этади. Ўзбекистонда нафақадаги фуқаролар сони 3,5 миллион, ногиронлиги бўлган шахслар эса қарийб 1 миллион нафарга тенг.