“Ҳайвонларни чиплаштириш ишга тушса фақатгина фойдага ишлайди” – мутахассис

Ўзбекистонда бошпанасиз ҳайвонларни парваришлаш бўйича ҳукумат доирасида эътибор қаратилади.
Sputnik
Ўзбекистонда бошпанасиз ҳайвонларни парваришлаш бўйича ҳукумат доирасида эътибор қаратилади. Уларни парваришлар, ғамхўрлик қилиш бўйича маълум қоидалар мавжуд.
Sputnik мухбири мутахассислар билан мазкур тизим бўйича маълумотларни тўплади.
“Асосан чорва ҳайвонлари, яъни от, сигир ва қўйлар идентификация қилинади. Бу ҳайвоннинг эгаси учун жуда фойдали. Энг асосийси идентификация гувоҳномаси орқали ўша ҳайвонни гени (зотдорлиги) билан боғлиқ маълумотлар ёзилади. Кўпинча мол бозорларига тушсак сигирлар катта, кўркам кўринишда бўлади, бироқ у наслни яхши бермаслиги мумкин. Бу маълумотларни барчаси чиплаштиришда ёзилади”, - деди Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат кўмитаси матбуот котиби Анвар Суюнов.
Ветеринария қўмитаси уй ва қаровсиз ҳайвонлар билан боғлиқ фаолиятни мувофиқлаштиради, қаровсиз ҳайвонлар популяциясининг ўсишини назорат қилади, ҳар бир ҳудудда чексиз қабулхона бошпаналарини яратади ва сақлайди, наслчилик сертификатини жорий қилади.
“Ўзбекистонда уй ҳайвонларини чиплаштириш бу мажбурий эмас, ихтиёрий равишда. Бироқ бу система ишга тушса фақатгина ҳайвон эгаси учун фойдага ишлайди. Масалан, биронта уйда боқиладиган итнинг идентификация рақами бўлса, уни мақбул нархда сотиш, ветеринар кўригида даволаш, насл қолдиришида аниқ ташхисга эга бўлиш мумкин”, деди мутахассис.
Қўмита ветеринария шифокорлари учун ит ва мушукларни стерилизация қилиш ва кастрация қилиш бўйича мажбурий ўқув курсларини ташкил этиши, мулкдор ва бошпанасиз ҳайвонларни (чемпионат ғолиблари, гид итлар ва кинологик хизматлар бундан мустасно) оммавий стерилизация қилиш тизимини йулга қўйиши, шу жумладан, кўчма ветеринария клиникаларини ташкил этиш ва хусусий ветеринария клиникаларини жалб этиш орқали бошпанасиз ҳайвонлар билан боғлиқ турли салбий оқибатларни бартараф этади.
“Рўйхатдан ўтган ҳар бир ҳайвонга идентификация рақами берилади, у бутун ҳаёти давомида сақланиб қолади. Ҳайвонни идентификация қилиш хусусияти сифатида рақамланган нишон ва ветеринария паспортидан ташқари, рақамланган татуировка билан ҳайвоннинг микрочипи ёки махсус ёрлиғи ишлатилади”, деди Ҳайвонлар соғлигини ҳимоя қилиш бошқармаси бошлиғи Хабибулло Ҳамдамов.
Рақамли татуировка ҳайвоннинг танасига қўйилади, мазкур рақамли белги белгиланган жойларда қўлланилади ва чиплаштиришда ҳайвоннинг альтернатив хусусиятлари ёзилади.
“Тошкент шаҳрида эксперимент тариқасида эгасиз ҳайвонларни идентификация қилиш тизимида ташувчида эгаси тўғрисидаги маълумотлар, манзили ва алоқа телефонини кўрсатувчи махсус тизимни жорий этиш асосида қаровсиз ва эгаси бўлган ҳайвонлар билан ишлашга янгича ёндашувни жорий этиш режалаштирилмоқда. Ҳайвонларни сони, эмлашлар мавжудлиги ва чип-паспорти доимий рўйхатга олинади”, деди Ресублика Ободонлаштириш Бош бошқармаси ходими Рустам Ниёзов.