Фарҳод Маҳмудовнинг маҳорат дарси бўлиб ўтди

Актёр К.Станиславскийнинг санъат мактаби, актёрлик маҳоратини оширишда театр саҳнаси ва кино павильонида ишлаш принциплари, режиссура, рассом билан ишлаш сирлари ҳақида сўзлади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 3 дек — Sputnik. Бутунроссия давлат кинематография институтининг (ВГИК) Тошкент филиалида Россияда хизмат кўрсатган артист Фарҳод Маҳмудовнинг илк маҳорат дарси ўтказилди. Бу ҳақда Sputnik мухбири хабар берди.
Актёр аудиторияда К.Станиславскийнинг санъат мактаби, актёрлик маҳоратини оширишда театр саҳнаси ва кино павильонида ишлаш принциплари, режиссура, рассом билан ишлаш сирлари ҳақида сўзлади.
“Съёмка жараёнида режиссёр актёрни тушуниши керак, чунки профессионал актёр ўйнаётган ролига қалбини беради. Кино бу ҳамма учун ёрқин санъат, у драма, трагедия, фантазия ёки комедия бўладими, инсонни ларзага солиши керак”, деди Фарҳод Маҳмудов.
Шунингдек, актёрларни тайёрлашда Москва театрининг тажрибаси – рақс, йога, қўшиқ куйлаш, бадиий китоб ўқиш ва кунлик ижодий графикни ривожлантириш лозимлиги айтилди.
Россияда хизмат кўрсатган артист Фарҳод Маҳмудов 1972 йили Тошкентда таваллуд топган. 1993 йилда ВГИКда актёрлик йўналишини тамомлаган. Рус театри спектаклларида ва кинофильмларда кўплаб роллар ижро этган. Ўзбекистонда режиссёр Рустам Саъдиевнинг “Барон” (2016) кинокартинасидаги Иззат роли орқали шуҳрат қозонди ва “ўзбек Барони” дея танилди.
2022 йил куз ойида “Барон 2.Соғинч” кинокартинаси премьера қилинди. Фарҳод Маҳмудов бу картинада ўз қаҳрамони Иззат ролини ижро этди.