“Мен эшитишни хоҳлайман!” - лойиҳаси доирасида 300га яқин эшитиш аппарати тарқатилди

Эшитишда нуқсони бўлган болалар, ушбу аппаратлар ёрдамида соғлом тенгдошлари қаторида боғчага боришлари, машғулотларда эркин қатнашиши ва мусиқий ноталарни ажрата олишлари мумкин.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 2 дек – Sputnik. “Мен эшитишни хоҳлайман!” хайрия лойиҳаси доирасида эшитишда нуқсони бор болаларга 300га яқин симсиз эшитиш аппаратлари тарқатилди, деб хабар қилмоқда Sputnik мухбири.
Ушбу хайрия лойиҳаси Мактабгача таълим вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги ҳамда “Zamin” халқаро жамоат фонди томонидан амалга оширилмоқда.
Благотворительная акция "Я хочу слушать"
Эшитиш - бу болада шаклланадиган биринчи туйғу. Бу сезги орқали бола овозларни таниб олишни, товушларга тақлид қилишни ва шу аснода равон гапиришни ўрганади. Эшитиш болага хавфли сигналларни тинглаш, навигация қилиш, бошқа болалар билан мулоқот қилиш ва мулоқот қобилиятларини эгаллаш имконини беради.
“Эшитишда нуқсони бор болалар товуш завқини туёлмайдилар, мусиқа тинглаш, оҳанглар орқали дунёни ҳис этиш ва ўз туйғуларини баён қилолмайдилар. Биз тарқатаётган эшитиш аппаратлари уларга ана шундай қувончни туҳфа этади ва бу болалар атроф-муҳитга соғлом одамлардек мослашиб боришади”, деди Мактабгача таълим вазирлиги Ахборот хизмати раҳбари Мавлуда Асқархўжаева.
Имконияти чекланган болаларга ғамхўрлик қилиш, уларнинг қалби кемтиги ва камчиликларини ҳис қилмай соғлом инсонлардек яшашлари учун кўплаб хайрия ишлари амалга оширилмоқда.
Благотворительная акция "Я хочу слушать"
“Ҳозирга келиб бу йилги ҳисобда Қорақалпоғистон Республикаси. Жиззах, Сирдарё, Тошкент, Хоразм, Самарқанд, Андижон, Фарғона вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридаги ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланаётган жами 115 нафар эшитишда нуқсони бор болага 228 та янги симсиз эшитиш аппаратларини тарқатдик”, деди мутахассис.
“Симсиз аппаратлардан фойдаланганда боланинг мавжуд эшитиш қобилияти сақланиб қолади. Одатда, эшитиш даражасининг частоталарига қараб аппарат кўрсаткичи белгиланади. Бола 2 ойдан 3 йилгача мутахассис назоратида бўлади”, деди лойиҳа ижрочиси Елена Лаврова.
Хайрия дастури доирасида болаларга совға қилинаётган аппаратлар ReSound ENZO Q серияли эшитиш асбоблари янги платформада яратилган бўлиб, улар юқори сифатли овоз технологияси билан ишлайди. Аппаратлар телефон ва бошқа аудио қурилмаларга симсиз уланиши мумкин. Ҳар бир аппарат Швейцариядан келтирилади, унинг бир донаси 3000 доллар туради.
Мазкур аппаратларни таққан ҳолда болалар бошқа соғлом тенгдошлари қаторида мактабгача таълим муассасаларида машғулотларга эркин қатнашади ва мусиқий ноталарни ҳам бемалол эшитишади.
Благотворительная акция "Я хочу слушать"
“Режа бўйича мазкур хайрия лойиҳаси мунтазам давом этади. Эшитишда нуқсони болаларни даволашда ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда. “Zamin” фонди ва Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказида 2022 йил учун режалаштирилган 45 та операция ўтказилди. Кар-соқов болаларнинг саломатлигини тиклаш ва йўлга қўйишда зарурий муолажалар белгиланди”, деди Асқархўжаева.
Маълумот учун, Ўзбекистонда давлат кўмагида 5 ёшгача бўлган болаларга бепул “кохлеар имплантация” операцияси амалга оширилади. Бунда операция ёрдамига эшитиш нервига имплант уланади.
“Давлат дастурига кўра, 5 ёшгача бўлган ақл-заковати бузилмаган болаларга кохлер имплантацияси бепул амалга оширилади. Бу янада самарали усул(эшитиш аппаратига кўра). Эшитиш қобилиятини йўқотиш даражаси ва тезлиги аудиометрия ёрдамида мунтазам равишда башорат қилинади. Ҳаммаси ташхисга, ирсиятга боғлиқ”, - дейди Мактабгача таълим вазирлиги вакили Елена Лаврова.