ТОШКЕНТ, 2 дек — Sputnik. Дунё аҳолиси юқумли касалликларга қарши вакциналар олишдан бош тортаётгани ёки буни пайсалга солаётгани соғлиқни сақлаш соҳасидаги стратегик вазифалар ижросига путур етказади. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вакили Мелита Вуйнович таъкидлади.
Масалан, эмланмаган аҳоли қатлами кўпайиши билан қизамиқ ва полиомиелитга чалинганлар сони ортмоқда. Ваҳоланки, авваллари бу касалликларга Ер сайёрасининг баъзи минтақа ва давлатларида бутунлай барҳам берилган эди.
“Оммавий эмлаш чора-тадбирлари натижасида Ер юзида йилига 3 миллионга яқин ўлим ҳолатларининг олдини олиш мумкин”, дейди ЖССТ эксперти.
Таъкидланишича, коронавирус пандемияси туфайли дунё бўйича 25 миллион нафардан ортиқ болалар дифтерия, қоқшол ва кўк йўталга қарши режали вакцинация жараёнларини ўтказиб юборган. Бу борада Шарқий Осиё ва Тинч океани минтақаси мамлакатларида аҳвол анча хавотирли.
ЖССТ келгусида номаълум — "X” хасталиги тарқалиши хавфидан огоҳлантирган эди. Олимлар хулосасига кўра, яна бир пандемия бошланиши эҳтимоли юқори. Бунга эса ўз вақтида олди олинмаган мавжуд вирус ва инфекцияларнинг янги мутациялари сабаб бўлиши мумкин.