ТОШКЕНТ, 2 дек — Sputnik. Кремль АҚШ президенти Жо Байденнинг Россия билан музокараларни бошлаш учун қўйган шартларини қабул қилиб бўлмайди деган фикрда. РФ президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков шундай баёнотни эълон қилди, деб хабар берди РИА Новости.
“Аслида, президент Байден шундай деди: музокаралар Путин Украинани тарк этганидан кейингина бўлиши мумкин. Мана у нима деди”, - дейди расмий.
Унинг таъкидлашича, Кремль бунга тайёр эмас ва махсус ҳарбий операция, албатта, давом эттирилади.
Вашингтон Россия таркибидаги янги ҳудудларни тан олмаяпти, бу эса ўзаро музокаралар учун умумий асос излашни “сезиларли даражада мураккаблаштиряпти”, дейди Песков.
Кремль вакилининг қўшимча қилишича, “мақсадларимизга эришиш учун президент Путин ҳамма билан музокаралар олиб боришга очиқ бўлган ва шундай бўлиб қолади”.
“Албатта, бизнинг манфаатларимизга эришишнинг энг афзал йўли тинч дипломатик воситалардир”, - дейди президент матбуот котиби.
Бир кун аввал Байден Путин билан ҳеч қандай алоқа ўрнатишни режалаштирмаганини, бироқ агар Россия раҳбари Украинадаги можарога барҳам беришдан “манфаатдорлигини кўрсатса” бунинг имкони борлигини айтди. Шу билан бирга, Америка президенти ҳар қандай мулоқот АҚШнинг НАТО бўйича ҳамкорлари билан бамаслаҳат амалга ошиши мумкинлигини таъкидлади.
Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг таъкидлашича, Россия мулоқотдан қочмаяпти, бироқ ҳозирча арзигулик таклифларни эшитмади.
Россия 24 февралдан буён Украинада махсус ҳарбий операция олиб бормоқда. Россия президенти Владимир Путин унинг асосий вазифасини “Киев режими томонидан саккиз йил давомида таҳқирлаш, геноцидга учраган одамларни ҳимоя қилиш” деб атаган. Мамлакат Қуролли кучлари олдида Донбассни озод қилиш ва Россия хавфсизлигини кафолатлаш турибди.
Махсус операция ортидан АҚШ ва унинг НАТО бўйича иттифоқчилари миллиардларча доллар сарфлаб, Киев режимини қурол-яроғ билан таъминлаб келмоқда. Москва Ғарб қурол-яроғларининг етказиб берилиши можарони чўзиши, қурол ортилган транспорт эса Россия армиясининг қонуний нишонига айланишини бир неча марта такрорлаган.