Хизмат вақтида вафот этган ИИБ ходимлари сони маълум бўлди

ИИВ ходимларининг хизмат вазифасини ўташ вақтида вафот этиши ва турли жароҳатлар олиш ҳолатлари учрамоқда. Қонунчиликда бундай ҳолларда қандай имтиёзлар белгиланган?
Sputnik
ТОШКЕНТ, 1 дек — Sputnik. Йил бошидан буён 300 га яқин ички ишлар ходимлари хизмат вазифасини ўташ вақтида жароҳатланган, 16 нафари вафот этган, бу ҳақида АОКАда бўлиб ўтган брифингда маълум бўлди.
"2022 йилнинг 10 ойида ички ишлар органларининг 25 нафар ходими вафот этган, жумладан, 9 нафари йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида, 16 нафари хизмат вазифасини бажариш вақтида.
Шунингдек, ички ишлар органларининг 284 нафар ходими турли даражада тан жароҳати олиб, аксарияти олган тан жароҳати оқибатида орттирилган ногиронлик ҳолати ёки хизматга яроқсизлиги сабабли, соғлиғининг ҳолатига кўра ички ишлар органларидан бўшатилган", - дейилган ИИВ маълумотида.
Брифингда, жароҳатланган ва қурбон бўлган ходимлар ва уларнинг яқин қариндошларини ижтимоий ҳимоя қилиш масаласига ҳам ойдинлик киритилди.
Хусусан, президентнинг 7 ва 118-сонли фармонларга киритилган ўзгаришларга мувофиқ, хизмат вазифасини ўташ вақтида вафот этган ёки ногиронлик олган ходимлар ва уларнинг яқин қариндошлари учун қуйидаги имтиёзлар белгиланган:
бетоб ходимлар даволаниши, ходимнинг бетоб яқин қариндошларини операция қилдириш, ортопедик оёқ кийим ва протез-ортопедик маҳсулотлар билан таъминлаш харажатларини қоплаш, санаторий-курорт муассасаларида даволаниш ва дам олиш;
уй-жойга эга бўлиш ёки яшаш шароитини яхшилаш, тўйлар ва дафн маросимларини ўтказиш, пул мукофоти ва қимматбаҳо совғалар бериш;
20 йил ва ундан кўп ишлаган ходимларга соғлиғини тиклаш учун бир марталик компенсация тўлаш;
хизматдан бўшатилгандан бошлаб 36 ой давомида собиқ ходимнинг ички ишлар органларидаги хизмат вазифаларини бажарганлиги билан боғлиқ сабабларга кўра ҳаёти ва соғлигига зарар етказилган тақирда, бир марталик пул компенсацияси тўлаш:
вафот этганда – БХМнинг 500 бараваригача;
ўртача оғир ёки оғир жароҳат етказилганда – БХМнинг 300 бараваригача берилиши каби имтиёзлар жорий этилди.
Ундан ташқари, ижтимоий таъминот фаолияти шаффофлигини таъминлаш, ходимларнинг ушбу масалалардаги мурожаатларини онлайн қабул қилиш, ортиқча оворагарчиликлар олдини олиш мақсадида электрон дастур яратилган.