ТОШКЕНТ, 1 дек — Sputnik. Давлат томонидан таълим тизими учун ажратилаётган маблағларнинг ортиши камбағалликни қисқартириш имконини беради. Бу ҳақда Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти хабар бермоқда.
Институт ёзишига кўра:
Таълим ёш авлод учун ҳам, катталар учун ҳам тараққиётнинг кучли омили ҳамда камбағалликни қисқартириш ва соғлиқни сақлаш, гендер тенглиги, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш соҳаларидаги кўрсаткичларни яхшилашнинг энг кучли воситаларидан биридир.
Маълумот даражаси юқорироқ одамларнинг иш топиш имконияти кўпроқ. Улар иқтисодий жиҳатдан самаралироқ ва шунинг учун даромадлари ҳам юқорироқ.
Аёлларнинг таълим олиши яхшиланса, болалар ўлими камайиши исботланган. Сабаби билимли аёллар тиббий ёрдамга кўпроқ мурожаат қилади ва ўзлари ҳамда фарзандларининг саломатлигини асраш усуллари ҳақида яхшироқ маълумотга эга.
Инсон капитали назариясига кўра, таълим учун харажатлар ошириладиган бўлса, ходимларнинг меҳнат унумдорлиги ҳам ошади. Бу эса пировардида уларнинг даромадлари ортиши ҳамда аҳолининг камбағаллик даражаси пасайишига олиб келади, - дейилади хабарда.
Лекин кам таъминланган оилалар ҳар доим ҳам оила аъзоларининг асосий эҳтиёжлари, шу жумладан таълим олишга бўлган эҳтиёжларини қондириш учун етарли маблағга эга бўлавермайди.
Шу нуқтайи назардан, таълим соҳасига ажратилаётган давлат харажатлари, бир томондан, бу оилаларни қўллаб-қувватлаш учун хизмат қилса, иккинчи томондан, мамлакатнинг келажакдаги иқтисодий юксалиши учун бебаҳо сармоядир, - дейилади тадқиқотда.
Институт тадқиқотчилари 52та давлатнинг 1990–2020 йилларда ривожланиш кўрсатгичлари ва таълимга ажратган харажатлари ҳақидаги маълумотларни таҳлил қилганидан сўнг ана шундай хулосаларга келишган.
Тадқиқот натижаларига кўра, давлат томонидан таълим тизими учун ажратилаётган маблағларнинг 1 фоизга ортиши камбағалликни 0,03 фоизга қисқартириш имконини беради.
Шу билан бирга, ЯИМнинг ўсиши, савдо-сотиқ ва ҳамда ялпи капитал қўйилмаларнинг ошиши, инфляциянинг пасайиши каби омиллар камбағаллик даражаси билан тескари алоқага эга.
Ушбу нуқтаи назардан, таълим соҳасига ажратилаётган харажатлар жиҳатидан Ўзбекистон етакчи ўринларда. Чунки дунёда ушбу кўрсатгич ЯИМга нисбатан ўртача 4,11 фоизни ташқил қилса Ўзбекистонда - 4,9 %.