ТОШКЕНТ, 1 дек — Sputnik. Россия бош вазири Михаил Мишустин Ўзбекистонга ташриф буюрди. Бу ҳақда Россия ҳукумати матбуот хизмати хабар бермоқда.
Самарқанд халқаро аэропортида юқори мартабали меҳмонни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ва бошқа расмийлар кутиб олди.
Ташриф доирасида Ўзбекистон ва Россия ҳукумат раҳбарлари даражасидаги қўшма комиссиянинг навбатдаги мажлисини ўтказиш, Ўзбекистон – Россия ишбилармонлар форумида иштирок этиш кўзда тутилган.
Тадбирнинг асосий воқеалари 2 декабрь куни бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, Самарқандда Ўзбекистон - Россия бизнес форуми бўлиб ўтмоқда. Форум иштирокчилари транспорт-логистика, саноат лойиҳалари, савдо-иқтисодий ҳамкорлик, кичик ва ўрта бизнес ўртасидаги ҳамкорлик каби масалаларни муҳокама қилишмоқда.
Ўзбекистон бош вазири ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаевнинг сўзларига кўра, сўнгги беш йил ичида Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш 170 фоизга ўсган. Ўтган йил якунларига кўра, яна учдан бир қисмга ошган ва рекорд даражадаги кўрсаткич 7,5 миллиард доллардан ошиб кетган. Уни 10 миллиард долларга етказиш режада бор.
Ходжаев маълумотларига кўра, жорий йилнинг 10 ойи давомида мамлакатда Россия инвестициялари иштирокида 700 та янги корхона ташкил этилган.