ТОШКЕНТ, 1 дек – Sputnik. Ўзбекистон бизнеси Россияда бўшаб қолган ўринларни эгаллаш имкониятига эга. Бу ҳақда Россия Иқтисодий ривожланиш вазири Максим Решетников Самарқанд бизнес-форумида шундай баёнот билан чиқди, деб хабар берди Sputnik мухбири.
“Янги реалликда биз нафақат қийинчиликларни, балки имкониятларни ҳам кўрмоқдамиз. Биринчи навбатда гап ҳамкорликни чуқурлаштириш ҳақида. Янги бозорларни, жумладан, учинчи мамлакатлар бозорларини ўзлаштириш зарур. Бундан ташқари, Ўзбекистон бизнеси Россиядаги бўш ўринларни эгаллаш имкониятига эга”, - дейди вазир.
Унинг сўзларига кўра, бу борада Ўзбекистон ва Россия ишбилармонлар кенгашлари муҳим ўрин тутади. Улар корхоналар ўртасида алоқаларни йўлга қўйиш билан бирга, икки давлат бозорларини товарлар билан тўлдиришга ёрдам беради.
Бундан ташқари, у муайян тармоқларда, хусусан, макроминтақавий интеграцияни мустаҳкамлаш бўйича ҳамкорликда ишлаш учун янада кўпроқ имконият пайдо бўлганини таъкидлади. Масалан, айни пайтда логистика соҳасида қўшма лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда. Шунингдек, у Агроэкспресс лойиҳаси катта салоҳиятга эга эканлигини, у ЕОИИ мамлакатлари ўртасида амалга оширилаётганини қўшимча қилди.