Решетников Ўзбекистон компанияларини Петербург иқтисодий форумига таклиф қилди

Петербург иқтисодий форумида янги лойиҳалар ва истиқболларни муҳокама қилишга доим тайёрмиз, деди Решетников.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 1 дек — Sputnik. Россия иқтисодий ривожланиш вазири Максим Решетников Ўзбекистон компанияларини 2023 йилда бўлиб ўтадиган Петербург халқаро иқтисодий форумида иштирок этишга таклиф қилди. Бу ҳақда Sputnik мухбири хабар бермоқда.
Шунингдек, у Россиядаги МДҲ давлатларининг бизнес вакиллари учун Россия бозорига киришни режалаштирган ёки аллақачон кириб келаётган компанияларни қўллаб-қувватлайдиган ахборот порталини ишга туширишга тайёрланаётганини айтди.
“Биз Петербург иқтисодий форумида янги лойиҳалар ва истиқболларни муҳокама қилишга доим тайёрмиз. У келгуси йил 14-17 июнь кунлари бўлиб ўтади. Фурсатдан фойдаланиб, сизларни иштирок этишга таклиф этмоқчиман”, деди вазир.
У тегишли натижаларга эришиш Россия учун ҳам, Ўзбекистон учун ҳам муҳим эканини, шу боис ҳозирда форум икки давлат вазирликлари даражасида кун тартибига мувофиқ ишлаётганини таъкидлади.
“Якунларга кўра, эртага мамлакатларимиз ҳукуматлари раислари – Мишустин ва Aриповлар иштирокидаги форумнинг ялпи мажлисида натижаларни тақдим этамиз”, деди у.
Эслатиб ўтамиз, Самарқандда Ўзбекистон - Россия бизнес форуми бўлиб ўтмоқда. Форум иштирокчилари транспорт-логистика, саноат лойиҳалари, савдо-иқтисодий ҳамкорлик, кичик ва ўрта бизнес ўртасидаги ҳамкорлик каби масалаларни муҳокама қилади.