Қорақалпоғистонга янги транспорт вазири тайинланди

Транспорт вазири ортидан унинг ўринбосарлари ҳам ишдан олинди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 1 дек — Sputnik. Қорақалпоғистон Республикаси Транспорт вазири лавозимига Маманбий Омаров тайинланди. Бу ҳақда Жўқорғи Кенгес матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгесининг раиси Аманбай Ўринбоев республика ҳудудида транспорт хизматини кўрсатиш борасидаги ишларни такомиллаштириш ҳамда йўл қўйилган хатоларга бағишланган йиғилиш ўтказган.
Йиғилишда Маманбий Аллабергенович Омаров Қорақалпоғистон Республикаси Транспорт вазири этиб тайинланган.
Маманбий Омаров шу кунга қадар Ўзбекистон Транспорт вазирлиги Халқаро алоқалар, логистика ва экспортни ривожлантириш департаменти бошлиғи лавозимида фаолият юритган.
Бундан ташқари, транспорт хизмати кўрсатиш бўйича ишлар самарали такомиллаштирилмаганлиги ва бошқа бир қатор камчиликларга йўл қўйгани сабабли Қорақалпоғистон Транспорт вазирининг ўринбосари ва вазирлик ҳуқуқшуноси лавозимидан озод этилган.
Маълумот учун, 2021 йил март ойидан бери Қорақалпоғистон Транспорт вазири лавозимида Султанбай Пердебаевич Сапаров ишлаб келаётганди.