Ўзбекистонлик ёшлар МДҲ олимлари форумида иштирок этишлари мумкин

МДҲ ёш олимлар форуми мамлакатлар ўртасида қўшма илмий лойиҳаларни илгари суриш ва амалга ошириш ҳамда илмий салоҳиятни ривожлантириш мақсадида ўтказилмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 1 дек — Sputnik. Москвада 18 – 21 декабрь кунлари Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги ёш олимлари форуми бўлиб ўтади. Унда 18 ёшдан 35 ёшгача бўлган МДҲга аъзо мамлакатлардаги ёш олимлар, аспирантлар ва талабалар иштирок этиши мумкин, дея хабар бермоқда Тошкентдаги “Русский дом”.
МДҲ ёш олимлар форумини ўтказишдан мақсад мамлакатлар ўртасида қўшма илмий лойиҳаларни илгари суриш ва амалга ошириш ҳамда илмий салоҳиятни ривожлантиришдан иборат.
Форум доирасида қуйидаги тадбирлар амалга оширилади:
Экспертлар билан учрашувлар;
“Илмий лойиҳа: ғоядан амалиётга қадар” семинар сессия;
“Ҳамдўстлик мамлакатларида ёш олимларни қўллаб-қувватлаш амалиёти” муҳокама майдони;
Ёш олимларнинг ҳамкорлиги бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, илмий ва таълим масканларига ташриф буюриш ва бошқалар.
Форумда иштирок этиш учун 10 декабрга қадар ариза тўлдириш керак.
Ёш олимларнинг тадбирда иштирок этиши ташкилотчилар ҳисобидан амалга оширилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Фанлар академиясининг 300 йиллиги доирасида Россиянинг Нижний Новгород шаҳрида МДҲ давлатлари ёш олимларининг "Наука без границ" халқаро форуми бўлиб ўтган эди. Унда Ўзбекистон Фанлар академиясининг бир гуруҳ ёш олимлари жумладан, Хоразм Маъмун академияси Табиий фанлар бўлими стажёр-тадқиқотчиси Ф.Нуржонов ўз маърузаси билан қатнашган.