ТОШКЕНТ, 1 дек — Sputnik. 2022 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда рўйхатга олинган одамнинг иммунитет танқислиги вируси (ОИВ) билан касалланганлар сони 45 минг нафарни ташкил этмоқда. Бу ҳақда Республика орттирилган иммунитет танқислиги синдромига (ОИТС) қарши кураш маркази директори ўринбосари Гулифор Нормуратова маълум қилди.
Маълумотларга кўра, ўтган йили рўйхатга олинган беморларнинг 74,3 фоизига касаллик жинсий алоқа йўли орқали юққанлиги гумон қилинган.
Мутахассиснинг сўзларига кўра, ОИВни юқтириб олган шахсларнинг аксарият қисми махсус антиретровирус даволаш билан қамраб олинган.
“Шундай муолажаларни олаётган шахсларнинг 74 фоизида вирус юкламаси бир неча марта камайган. Бундан шундай хулоса келиб чиқадики, касалликка қарши курашни қанча кенг кўламда ва эрта олиб борсак, шунча самарали натижага эришишимиз мумкин”, - деди Нормуратова.
Мамлакатда ОИВ билан касалланган беморларнинг 79 фоизи антиретровирус муолажалар билан қамраб олинган. Улар учун зарур препаратлар харажатларининг қарийб 80 фоизи Давлат бюджети маблағлари, қолган 20 фоизи эса халқаро фондлар ҳисобидан қопланмоқда.
Умуман, ҳозирги кунда мамлакатда 78 та ОИВ диагностика лабораторияси фаолият олиб боряпти. Улардан 15 таси ОИТСга қарши кураш марказларидаги лаборатория комплекслари бўлса, 63 таси туманлараро лабораториялардир.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳозир дунёда ОИВдан азият чекаётган 40 миллионга яқин бемор бор. Улар сони йилига ўртача 1,5 миллион нафарга кўпаймоқда. Энг ёмони, хасталик ҳар йили 600 мингдан зиёд кишининг ҳаётига зомин бўляпти.
Умуман, Ер юзида ОИТС эпидемияси бошлангандан буён 75 миллион одам ушбу дардга чалиниб, 32 миллион нафардан ортиғи вафот этган. Таҳлилларга кўра, инфекция 75 фоиздан ортиқ ҳолатларда 25-49 ёшли кишилар ўртасида учрамоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалороқ Ўзбекистонда 2023 йил 1 январдан бошлаб махсус тезкор ва профилактик тадбирларда аниқланган ОИВ/ОИТС инфекцияси билан касалланганликда гумон қилинаётган шахсларни ғайриихтиёрий равишда тиббий текширувдан ўтказиш йўлга қўйилиши режалаштирилаётгани хабар қилинган эди.