Ўзбекистон ва Россия шерикчилиги самарадорлик ва сермаҳсуллик намунаси – Ходжаев

Бош вазир ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири Ўзбекистон ва Россия сўнгги йилларда кенг қамровли хусусиятга эга бўлган стратегик ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга қатъий содиқлигини маълум қилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 1 дек — Sputnik. Ўзбекистон ва Россия шерикчилиги самарадорлик ва сермаҳсуллик намунаси. Бу ҳақда Ўзбекистон бош вазири ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев маълум қилди, деб хабар бермоқда Sputnik мухбири.
Ходжаевнинг сўзларига кўра, ҳозирги замонда ўзаро ишонч ва ҳурматга асосланган ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этмоқда. Ўтказилаётган Ўзбекистон-Россия бизнес форуми нафақат ўз вақтидаги ва долзарб, балки икки мамлакатнинг сўнгги йилларда кенг қамровли хусусиятга эга бўлган стратегик ҳамкорлигини янада чуқурлаштиришга қатъий содиқлигидан ҳам далолат беради.
“Бугун Ўзбекистон ва Россия шерикчилиги самарадорлик ва сермаҳсуллик намунасидир”, - деди вазир Самарқанддаги Ўзбекистон-Россия бизнес форумида нуқт сўзлаётиб.
Унинг сўзларига кўра, сўнгги беш йил ичида Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш 170 фоизга ўсган. Ўтган йил якунларига кўра, яна учдан бир қисмга ошган ва рекорд даражадаги кўрсаткич 7,5 миллиард доллардан ошиб кетган. Уни 10 миллиард долларга етказиш режада бор.
Ходжаев маълумотларига кўра, жорий йилнинг 10 ойи давомида мамлакатда Россия инвестициялари иштирокида 700 та янги корхона ташкил этилган.
Айни пайтда Ўзбекистонда Россия компаниялари билан биргаликда нефть-кимё, энергетика, кон металлургия, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика, енгил саноат, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳаларида қиймати 20 миллиард доллардан ортиқ бўлган 200 га яқин лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Самарқандда Ўзбекистон - Россия бизнес форуми бўлиб ўтмоқда. Форум иштирокчилари транспорт-логистика, саноат лойиҳалари, савдо-иқтисодий ҳамкорлик, кичик ва ўрта бизнес ўртасидаги ҳамкорлик каби масалаларни муҳокама қилади.