Дарҳақиқат, америкаликлар (расмий томондан) бир нафар аскарни Киевга жўнатмай туриб, Украинадаги инқироздан мисли кўрилмаган ҳарбий, иқтисодий, геосиёсий фойда кўрмоқда. Ва Европа Иттифоқи бундан ғазабга келмоқда.
АҚШ таъсирининг кенгайиши
“Агар совуқ ақл билан қарайдиган бўлсак, урушдан фойда кўрадиган мамлакат- бу АҚШ, чунки улар оширилган нархда кўп газ ва қурол сотишмоқда”, -дея ўзини сир тутишни истаган европалик юқори мартабалик амалдорнинг сўзларини келтиради Politico.
Америкаликлар ҳар доим ғарб оламида ҳукмронлик қилишга ҳаракат қилган. Ва Украинадаги можаро - ҳаммани жиловлаш учун ажойиб имконият.
Сўнгги йилларда Вашингтон Европага мунтазам босим ўтказиб келган, хусусан, Россияга қарши санкциялар ва Москвадан энергетика бўйича қарамлик масалалари борасида. Баҳорда “катта ака”нинг изидан эргашиб европаликлар ғайрат билан тақиқларни кенгайтиришди, гарчи бошиданоқ ЕИ га бу Россиядан ҳам кўра кўпроқ зарба бўлиши маълум бўлсада.
Шунингдек, Ғарб дунёси назарида НАТО тўлиқ реабилитация қилинди, бу ҳақида Франция президенти Эммануэль Макрон яқин-яқингача “унинг мияси ўлган” деб айтган эди. Бу ташкилотда масъул бўлган ҳар кимга сир эмас.
Қурол савдоси ва газ “тузоғи”
Европа ва бутун дунёда қуролга талаб ортди, АҚШ эса бу борада йирик экспортчи (бутун дунё етказиб беришнинг учдан бири).
Биргина самолётсозлик соҳасида америкаликлар ўнлаб миллиард евролик шартномалар олди. Канада 88 та бешинчи авлод F-35 қирувчиларига, Швейцария - 36 та, Германия - 35 та қирувчи самолётга буюртма берди.
Ёзда Германия ҳукумати Бундесверни қайта қуроллантириш учун 100 миллиард еврога яқин маблағ ажратиш ниятини эълон қилди. Бюджетнинг катта қисми АҚШ улушига айланишига шубҳа йўқ. Қолаверса, Берн Украинага ҳарбий товарларни реэкспорт қилишга рухсат бермагани учун Германия ва Швейцария тортишиб қолишди.
Европа арсеналлари бўшаб қолмоқда, ва америкалик ишлаб чиқарувчилар иштаҳа билан қўлларини ишқалашмоқда. Албатта, ҳарбий-саноат комплексининг гуллаб-яшнаши бутун мамлакат иқтисодиётига ижобий таъсир қилади.
Газ экспорти ҳақида. Вашингтон узоқ вақтдан бери Европани арзон рус ёқилғидан воз кечишга мажбур қилишга уриниб келади. Ва шу сабабли бир неча ойларда Американинг суюлтирилган гази етказиб берилиши ортди.
“Шимолий оқим”даги портлашлар Европа Иттифоқини амалда танлаш имкониятидан маҳрум қилди. Бундан буён хориждаги ёқилғини сотиб олишигага тўғри келади, бу эса европалик истеъмолчиларга америкаликларга қараганда тўрт баравар қиммат туради.
Рақобатбардошликнинг йўқотилиши
Энергетика инқирози шароитида Европа саноати рақобатбардошлигини йўқотмоқда. Айниқса, Германия қаттиқ зарар кўрди. АҚШда эса ёзда инфляцияни пасайтириш тўғрисидаги қонун қабул қилинди. Ҳужжатда миллий иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар кўзда тутилган. Буни Европа Иттифоқи камситувчи деб ҳисоблади.
Натижада америкалик компаниялар ривожланиб, европалик компаниялар эса ёки ёпилмоқда ёки солиқ имтиёзлари ва арзон энергия манбалари билан таъминланган АҚШга кўчиб ўтишмоқда.
Буларнинг барчаси ЕИ сиёсатчиларининг ғазабини келтирмоқда. “Европа иқтисодиётининг турғунлик сари ҳаракатланиши америкаликлар учун яхши янгилик ва улар бундан фойда олиш имкониятини қўлдан бой бермади”, дейди Венгрия ташқи ишлар вазири Петер Сиярто.
Макрон АҚШнинг инфляцияга қарши қонунини нодўстона деб атади ва уни ЖСТ қоидаларига зид деб таъкидлади. Иқтисодиёт вазири Брюно Ле Мэр эса Европа Иттифоқи давлатларини Вашингтоннинг ҳаракатларига биргаликда жавоб беришга чақирди. “Биз Украинадаги можаронинг АҚШ иқтисодининг ҳукмронлиги ва Европанинг заифлашиши билан якунланишига йўл қўя олмаймиз”, дейди ва Париж учун бугунги кунда асосийси Европада Германия билан рақобат эмас, балки АҚШ ва Европа Иттифоқи ўртасидаги рақобат эканлигини қўшимча қилди.
Жавоб бўладими?
Аммо ҳозирча Париж ва Берлин келишиб олишганича йўқ. Bloomberg маълумотларига кўра, Макрон АҚШга ўхшаш чораларни талаб қилмоқда, Германия канцлери Олаф Шольц эса “трансатлантик уруш”ни ёқмоқчи эмас ва Вашингтон ўз қарорларини тўғрилашига умид қилмоқда.
Гарчи Европа “ғазабланган” бўлса ҳам, ҳозир ҳеч ким америкаликларга қарши кураша олмайди. Франция, Германия, Италия баланд овозда “ташвиш билдириши” мумкин, аммо Европа Иттифоқида аҳиллик йўқ. Бундан ташқари, Еврокомиссия раҳбарияти асосий иттифоқчи сифатида Вашингтонга эътибор қаратмоқда.
Олий Иқтисодиёт мактабининг савдо сиёсати бўлими бошлиғи Максим Медведковнинг сўзларига кўра, ЖСТдаги Америка чораларига қарши чиқишга уриниш муваффақият қозониш имкониятидан холи эмас. “Муаммо шундаки, АҚШ ЖСТ апелляция органи ишига тўсқинлик қилишда давом этмоқда. Ва бошқа йўл билан муросага эришиш қийин бўлади”, - дейди у.
Макроннинг АҚШга ташриф буюриши кутимоқда. Афтидан, у Жо Байденни қоидалар бўйича ўйнашга ишонтиришга ҳаракат қилмоқчи. Аммо Европа энергия инқирози, инфляция, яқинлашиб келаётган рецессия ва популизмнинг кучайиши туфайли заифлашди - ЕИда Оқ уйга босим ўтказишнинг ҳақиқий дастаклари йўқ.
Фақатгина окенан ортидаги шериклар раҳм-шафқат қилишини ва рози бўлишини кутиш қолади. Ҳозирча эса, Америкаликлар ўз стратегияларини қатъият ва ишонч билан амалга оширишмоқда. Тез орада Европа етакчиси мақоми Берлин ёки Парижга эмас, Вашингтонга берилади.