Турли хавфли вируслар билан касалланиш авж олаётганда нималарга эътибор қаратиш керак

Ўткир респиратор касалликларга чалинган беморлар овқатланишда таомларнинг тез ҳазм бўлиши ва меъдага тегмайдиган таомларни тановвул қилиши лозим.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 30 ноя — Sputnik. Ҳаво ҳароратининг пасайиши билан одамларда ўткир респиратор вирусли инфекция (ЎРВИ), турли хавфли вируслар билан касалланиш авж олади. Бундай пайтда қандай чоралар кўрилади, қандай истеъмол маҳсулотлари тановвул қилиш ҳамда қандай вакциналар билан эмланиш тавсия этилади?
Sputnik мухбири шу каби саволлар билан Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Нурмат Отабековга юзланди.
“Ҳар йили ўткир респиратор касалликлар, сурункали грипп бошланишидан аввал ССВ томонидан алоҳида буйруқ чиқарилади ва унга мувофиқ шифо ўрнилари захиралари, дори-дармонлар, лаборатория ташхиси учун зарур бўладиган реактивлар, диагностикалар захиралари яратилади. Бу анъанага айланган”, - дейди Отабеков.
Мутахассиснинг сўзларига кўра, Бу йил ҳам коронавирус пандемияси давом этаётган бўлишига қарамасдан, грипп ва парагрипп, ўткир респиратор касалликлар, риновирус, реовирусларга қарши тайёргарлик аллақачон бошланган.
“Иккита вирус битта одамда касаллик чақиришини ҳисобга олган ҳолда, яъни микс-инфекциялар юқтирилганда қандай чоралар кўрилиши ва асоратларини олдини олиш бўйича махсус йўриқномалар мавжуд. Ҳозирда атрофимизда тарқалаётган вирусларни ўта хавфли дейиш ножоиз, чунки улар Ўзбекистон ҳудудида учраб турган респиратор касалликларнинг вирусларидир”, - дейди Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари.
Бундай вазиятда организмни респиратор касалликларга қарши курашишга қаратилган озиқ-овқат маҳсулотлари: табиий шарбатлар, турли суюқликлар, дамланмалар, аскорбин кислотаси мавжуд егуликлар, цитрус мевалар, кўпроқ лимон маҳсулотлари тавсия этилади.
Ўткир респиратор касалликларга чалинган беморлар овқатланишда таомларнинг тез ҳазм бўлиши ва меъдага тегмайдиган таомларни тановвул қилиши лозим.
Иммунитетни кўтарувчи истеъмол маҳсулотларига таркибида оқсил, углевод, темир тутувчи маҳсулотлар киради. Бунда мева-сабзавотлар, қуритилган мевалардан тайёрланган шарбатлар ичиш тавсия этилади.
Мутахассис ўткир респиратор вируслар тарқалган вақтда вакцина олишни тавсия қилди.
Эслатиб ўтамиз, сўнгги кунларда Ўзбекистонда коронавирус билан касалланиш ҳолатлари кўпаймоқда. Кунлик аниқланаётган ҳолатлар 140 тадан ошган.