ТОШКЕНТ, 30 ноя — Sputnik. Тошкент вилоятидаги эҳтиёжманд оилалар хонадонларига қуёш панеллари ўрнатилади. Бу ҳақда вилоят ҳокими Зоир Мирзаев томонидан тегишли фармойиш имзоланди.
Ҳужжатда келтирилишича, вилоят бюджетининг шу йил 3-чорак якуни билан шакилланган даромадлар режасининг орттириб бажарилган қисми ҳисобидан эҳтиёжманд оилалаларни қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари билан таъминлаш учун 2 млрд сўм маблағ ажратилди.
Эндиликда Қуйи Чирчиқ, Бекобод, Бўка туманларидаги "Темир дафтар"ларга киритилган 100 нафар эҳтиёжманд оила хонадонига қуёш панеллари ўрнатилади.
Айни пайтда Бўка туманидаги хонадонларда мазкур қурилмаларни ўрнатиш жараёнлари бошланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳрида илк марта қайта тикланувчи энергия манбалари орқали ўзини-ўзи энергия ресурслари билан тўлиқ таъминлайдиган хонадон барпо этилганди. Мазкур хонадонга 15 кВт қувватга тенг қуёш панеллари ўрнатилган бўлиб, хонадонни энергия ресурслари билан тўлиқ таъминлайди.
Шунингдек, Тошкент вилоятидаги 21та умумтаълим мактабида қуёш панеллари ўрнатилмоқда.