Оққўрғонда аҳоли муаммолари янги тизим асосида ўрганилмоқда

Президент маслаҳатчиси ҳамда 24 вазирлик ва идора раҳбарларидан иборат ишчи гуруҳ Оққўрғон туманидаги 920та хонадон муаммоларини ўрганиб чиқишди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 30 ноя — Sputnik. Бугунги кунда, Ўзбекистонда аҳоли билан мулоқотнинг сифат жиҳатидан мутлақо янги тизими жорий этилмоқда. Тажриба сифатида Тошкент вилоятининг оғир ҳудудларидан бири бўлган Оққўрғон тумани танлаб олинди. Президент администрацияси хабарига асосан.
Айни дамда президент маслаҳатчиси Ғофиржон Мирзаев бошчилигидаги 24та вазирлик ва идора раҳбарларидан иборат ишчи гуруҳ 4та сектор кесимида тумандаги 29та маҳаллада фаолият олиб бормоқда, - дейилади хабарда.
Ишчи гуруҳ туман ҳудудини маҳаллама-маҳалла, уйма-уй юриб, ҳар бир хонадоннинг шароити билан танишмоқда. Шунингдек аҳоли муаммолари ва ижтимоий-иқтисодий масалаларини ўрганиб, уларни тезкор ва самарали ҳал қилиш чораларини кўрмоқда.
Хусусан, оғир ижтимоий аҳволдаги, якка-ёлғиз яшаётган ва боқувчисини йўқотган фуқароларнинг муаммоларини ҳал қилинмоқда.
“Масъуллар, ишчи гуруҳи аъзолари бевосита чекка ҳудудлардаги қишлоқларда тунаб, ўша ерда маҳалла фаоллари, оқсоқоллар, кекса нуронийлар, фаоллари билан аҳолида мавжуд муаммолар хусусида муҳокамалар ўтказиб, жойида ечим излашмоқда”, дейилади хабарда.
Оққўрғон туманининг қуйидаги маҳаллаларидаги 920та хонадон ва 15та ижтимоий соҳа объекти ўрганилди:
Хусусан “Ёшлик”, “Маданият”, “Жағалбойли”, “Сувти”, “Қўштамғали”, “Мустақиллик”, “Хонобод”, “Элтамғали”, “Султон Сегизбоев”, “Толовул” маҳаллаларида аниқланган 547та масаланинг 76таси ҳал қилинди ва 471та масала бўйича чора-тадбирлар белгиланди.
Президент маслаҳатчиси бошчилигидаги ишчи гуруҳ
Таъкидланишича, туманнинг “Мустақиллик” маҳалласида яшовчи 70 ёшли оғир ижтимоий аҳволдаги Владимир Вятчинин даволаниши учун Тошкент вилояти ихтисослаштирилган соматика шифохонасига ётқизилди. Шунингдек, “Маданият” маҳалласидаги А. Мамазоитов хонадонига 40 метр қувур тортилиб, табиий газ таъминотига улаб берилди.
Президент маслаҳатчиси бошчилигидаги ишчи гуруҳ
Ҳудудда ташкил қилинган чуқурлаштирилган тиббий кўрик натижасида амбулатор шароитдаги 36 нафар бемор керакли дори-дармонлар билан таъминланди.
Президент маслаҳатчиси бошчилигидаги ишчи гуруҳ
“Мустақиллик” маҳалласидаги эскирган симёғочлар бетон устунларга алмаштирилаётган бўлса, “Ёшлик” маҳалласи Замаҳшарий кўчасидаги сув қувурлари таъмирланмоқда.
Қуйидаги масалаларни келгуси йил дастурларига киритиш белгиланди:
“Сувти” маҳалласидаги яроқсиз кўприк таъмирланиши билан камида 400 нафар аҳолини ўйлантираётган тизимли масала ҳал қилинади;
“Хонобод” маҳалласидаги 1960 йилда қурилган 450 ўринли 9-сонли мактабга қўшимча бино қурилади;
“Маданият” маҳалласидаги 22-, 27-, 47-, 50-сонли мактабларни, айниқса, 50-мактабнинг ачинарли аҳволдаги спорт зали реконструкция қилинади, маҳаллаларнинг қишда лой, ёзда чанг кўчалари таъмирланади;
“Қўштамғали”даги 500та яроқсиз симёғочлар бетон устунларга алмаштирилади.
Ишчи гуруҳ Оққўрғон туманида ўз фаолиятини давом эттирмоқда.