ТОШКЕНТ, 30 ноя — Sputnik. Тошкентдаги UzAgroExpo-2022 халқаро қишлоқ хўжалиги кўргазмасида Липецк вилоятининг (Россия) саккизта қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқарувчиси ўз маҳсулотларини намойиш этди. Бу ҳақда РИA Новости вилоят губернатори Игорь Aртамоновга таяниб хабар берган.
Жумладан, паррандачилик учун ускуналарни лойиҳалаш ва ишлаб чиқаришга ихтисослашган Липецк компанияси ўзбекистонлик ҳамкорларга ўз маҳсулотларини етказиб бериш бўйича шартнома тузган.
Бошқа бир қатор Липецк ишбилармонлари Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон, Туркия, Эрондан потенциал харидорлар билан музокаралар олиб борди.
“Липецк вилояти салмоқли салоҳиятга эга. Биз хорижий давлатлар билан савдо-иқтисодий ҳамкорлик географиясини кенгайтиришни давом эттирмоқдамиз, минтақанинг халқаро фаолиятини олиб боришга интиламиз ва экспортни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга ҳаракат қиламиз”, деди Aртамонов.
UzAgroExpo–2022 кўргазмаси Ўзбекистонда куз мавсуми учун энг йирик саноат майдончаси ҳисобланади. Замонавий қишлоқ хўжалиги техникаси ва эҳтиёт қисмлари, ўсимликчилик, чорвачилик, ветеринария, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, ташиш ва сақлаш учун ускуналар, технологиялар ва материаллар ишлаб чиқариш ва сотишга ихтисослашган корхона ва ташкилотлар унинг иштирокчилари ҳисобланади.