ТОШКЕНТ, 30 ноя — Sputnik. Бухоро вилоят судида жорий йил июль ойи бошида Нукус шаҳрида содир бўлган воқеалар юзасидан жиноят ишини кўриб чиқиш давом этмоқда.
Бугун, 30 ноябрь куни судьялар етти нафар гумондор: Лолагул Қаллихонова, Нурлан Найипов, Даулетмурат Жиемуратов, Саиипназар Калимов, Пўлат Нурниязов, Арислан Темирхонов ва Бердах Генжебаевнинг кўрсатмаларини тингладилар.
Уларга қўйилган айбловлар орасида: тартибсизликларга чақирувчи материаллар тарқатиш, бу тартибсизликларда қатнашиш ва танага шикаст етказиш кабилар бор.
Бундан олдин уларнинг барчаси ўзларига қўйилган айбловларга тўлиқ рози эканини билдирган эди. Бугун эса улар ўз позицияларини тасдиқладилар.
Хусусан, Makan интернет-нашрининг собиқ маъмури Лолагул Қаллихонова ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида митингда иштирок этишга чақирувчи видеони жойлаштиргани, чунки Даулетмурат Тажимуратов митинг ўтказиш учун барча зарур рухсатномаларни олганига ишончи комил бўлганини айтди.
“Биз жуда катта хатога йўл қўйдик, ўз юртимизга тош отдик”, - дейди Лолагул Қаллихонова қилмишидан пушаймон бўлиб.
Унинг таъкидлашича, Тажимуратов уни йўлдан оздирган, бироқ унинг ҳаракатлари одамларнинг ўлимига сабаб бўлган. Унинг суд жараёнида айтишича, ҳар бир инсоннинг тартибсизликлар пайтида ўлими унинг виждонига боғлиқ ва ҳеч қандай қамоқ жазоси бу хатти-ҳаракатларни оқлай олмайди.
У ўзини уларнинг ўлимида айбдор деб ҳисоблайди ва ўзига қўйилган барча айбловларни тўлиқ тан олади.
Аввалроқ судланувчиларнинг ҳар бирига қўйилган айбловлар рўйхатини эълон қилган эдик. Улар орасида – тартибсизликлар уюштириш, тартибсизликларга чақирувчи материалларни тарқатиш, тартибсизликларда қатнашиш, баданга шикаст етказиш ва бошқа айбловлар бор.
Қорақалпоғистондаги оммавий тартибсизликлар бўйича 20 киши қамоққа олинган, бир киши уй қамоғида, яна бири эса “жамоа кафиллиги” эвазига озод қилинган.
Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларининг маълумотларига кўра, Қорақалпоғистондаги тартибсизликлар чоғида 18 киши ҳалок бўлган, 243 киши яраланган, 516 киши ҳибсга олинган, жумладан, чет эл фуқаролари ҳам бор. Мамлакат Бош прокуратураси Ўзбекистон Жиноят кодексининг “Конституциявий тузумга тажовуз” моддаси бўйича 14 киши ҳибсга олингани ҳақида хабар берган. 4 июль куни Ўзбекистон парламенти намойишчилар талаб қилганидек, Қорақалпоғистоннинг суверенитетини назарда тутувчи мақомини сақлаб қолишга қарор қилди.