ТОШКЕНТ, 30 ноя — Sputnik. АҚШ билан стратегик мулоқот истиқболлари ҳақида гапиришга ҳали эрта: расмий Москва ва Вашингтон ўртасидаги совуқ муносабатлар бунга ёрдам бермаяпти.
Россия Ташқи ишлар вазирлигининг қуролларни тарқатмаслик ва назорат қилиш департаменти директори Владимир Ермаков РИА Новости агентлигига берган интервьюсида шундай фикр билдирди.
Ермаков, жиддий суҳбатдан олдин Вашингтон бу учун “етилиши” керак, деб ҳисоблаяпти.
“Вашингтонда бундай “етилиш” қачон юз бериши мумкинлиги ҳақида тахмин қилишдан унчалик маъно кўрмаяпман. Шуни таъкидлаб ўтаманки, ҳозир “қиш” нафақат деразадан ташқарида, балки АҚШ билан муносабатларимизда ҳам, ва йилнинг бу вақти, маълумки, ўсиш ва етилиш жараёнлари учун қулай эмас”, - дейди дипломат.
Унинг таъкидлашича, Россия томони “принципиал жиҳатдан” ҳеч қачон мулоқотдан бош тортмаган. Шу билан бирга, бу “бошқа томондаги шерик”нинг адекват муносабатини талаб қилади.
Ўтган йил охирида Россия АҚШ билан шартнома ва НАТО билан хавфсизликни таъминлаш бўйича келишув лойиҳаларини эълон қилганди. Москва Украинанинг блокга қўшилишдан ва постсовет мамлакатларида ҳарбий базалар ўрнатишдан шарққа иттифоқни янада кенгайтиришдан бош тортишнинг қонуний кафолатларини талаб қилди. Таклифларда, шунингдек, НАТОнинг зарба берувчи қуролларини Россия чегаралари яқинида жойлаштирмаслик ва Шарқий Европадаги иттифоқ кучларини 1997 йилги позицияларга олиб чиқиш тўғрисидаги банд ҳам бор эди.
Аввалроқ АҚШнинг Россиядаги муваққат ишлар вакили Элизабет Руд РИА Новости агентлигига Вашингтон қурол-яроғни назорат қилиш тарафдори эканини таъкидлаб, унинг сўзларига кўра, Украина атрофидаги вазият сабаб тўхтатилган стратегик барқарорлик бўйича Москва билан мулоқотни қайта тиклаш имкониятини кутаётганини маълум қилганди.
Москва 24 февралдан бери Украинада ҳарбий операция ўтказмоқда. Президент Владимир Путин унинг мақсади Донбассни озод қилиш ва Россия хавфсизлигини кафолатлайдиган шарт-шароитларни яратиш деб атади.