ТОШКЕНТ, 29 ноя — Sputnik. Тошкент шаҳрининг аҳоли гавжум ҳудудларида 170 та “мини-поликлиника” иш бошлайди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Ушбу “Тошкент тажрибаси” лойиҳаси тиббиётни ҳар бир хонадонгача яқинлаштириш, аҳоли орасида соғлом турмуш тарзи тамойилларини шакллантириш учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамкорлигида ишлаб чиқилган.
Лойиҳа доирасида Тошкент шаҳрининг 12 та туманида 10 800 та кўп қаватли уй жойлашган маҳаллалар ҳудудида 170 та маҳалла тиббиёт пунктини барпо этиш ва 540 минг нафар аҳолига тиббий хизматни яқинлаштириш мақсад қилинган.
“Мазкур лойиҳага Юнусобод тумани тажрибаси асос қилиб олинди. Туманнинг Собиробод маҳалласида ўрнатилган тиббий контейнерда иш олиб бораётган маҳалла тиббиёт пункти фаолиятини кўриб чиқдик. Аҳоли бу ташаббусдан миннатдор. Бу “мини-поликлиникада” битта тиббий бригада фаолият олиб боряпти”, дейди Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Анвар Алимов.
Барча зарур дори-дармонлар, керакли тиббий буюмлар, жумладан, ЭКГ ва кислород баллони каби ускуналар билан жиҳозланган, иккита койкали, соат 8:00дан 20:00 гача ишловчи “кундузги стационар”га эга “кичик шифохона”да умумий амалиёт шифокори ва 2 нафар ҳамшира аҳолига тиббий хизмат кўрсатади.
“Бундай маҳалла тиббиёт пунктлари диспансер назоратида турган қариялар, ҳомиладор аёллар ва болаларни тиббий кўрикдан ўтказишда умумий амалиёт шифокорига катта енгиллик беради. Ҳамшираларга шифокоролди тиббий кўриклар учун қулайлик яратади. Аҳолини эса оддий кўриклар учун ҳам поликлиникага қатнаш оворагарчиликларидан халос қилади”, дейилади ССВ хабарида.
Лойиҳа доирасида йил охирига қадар 40 та контейнер жиҳозланиб пойтахтдаги 12 та кўп тармоқли поликлиника ва 70 та оилавий поликлиника ихтиёрига топширилади.
Улар пойтахтнинг аҳоли гавжум бўлган кўп қаватли уйлари ёнига ўрнатилиши мўлжалланган. Келгуси олти ойда эса 170 та ана шундай маҳалла тиббиёт пункти пойтахт аҳолисига хизмат кўрсатади.
Бундан ташқари, “Тошкент тажрибаси” лойиҳаси доирасида:
пойтахтдаги 579 та маҳалла фуқаролар йиғини идораларида “Саломатлик мактаблари” ташкил этиш;
соғлом турмуш тарзига риоя қилган ва бу борада юқори натижаларга эришган фуқароларни рағбатлантириш;
телемедицина ёрдамида ҳамширалар орқали беморларни мутахассислар билан боғлаш мақсадида “онлайн патронаж” хизматини жорий этиш ҳам кўзда тутилмоқда.
Пойтахтда пилот тарзида амалга ошириладиган лойиҳа олти ойдан сўнг, натижалари таҳлил қилинган ҳолда, мамлакатнинг бошқа ҳудудларига татбиқ этилади.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 25 апрель куни Президентнинг “Бирламчи тиббий-санитария ёрдамини аҳолига яқинлаштириш ва тиббий хизматлар самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинганди. Унда бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларидан узоқ масофада жойлашган маҳаллаларда 2022 йил давомида маҳалла тиббиёт пунктларини ташкил этиш белгиланганди.