ТОШКЕНТ, 29 ноя — Sputnik. Россия Федерацияси, Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг “уч томонлама газ иттифоқи” ғояси биринчи босқичда, эҳтимол, маълум бир юридик шахс билан мувофиқлаштириш механизмини яратиш имкониятини назарда тутади, аммо бу каби масалаларни ҳали муҳокама қилиш керак. Бу ҳақда РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песков бугун, 29 ноябрь куни журналистларга маълум қилди, деб хабар бермоқда РИА Новости.
“Президент (Владимир) Путин биринчи босқичда мувофиқлаштирувчи механизм яратишни назарда тутяпти. Балки, буни бирор юридик шахс билан муҳокама қилиш керакдир. Бу уч мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик учун, инфратузилмани ривожлантириш, кейин ташқи бозорлар учун”, дейди Песков.
Унинг қайд этишича, лойиҳани амалга ошириш учун Россия Федерацияси, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида келишилган ҳаракатлар, муҳокамалар ва мувофиқлаштириш зарур.
“Қозоғистон ҳам, Ўзбекистон ҳам иқтисодиёти жадал ривожланиб, газга бўлган ички талаб ортиб бормоқда, бундан ташқари, икки давлат ташқи бозорларда ҳам РФ билан ҳам савдо қилади. Ва, албатта, бу маълум даража мувофиқлаштиришни талаб қилади. Бундан ташқари, яна бир муҳим элемент мавжуд. Россия ва Қозоғистон ЕОИИда шерик сифатида ушбу соҳани ривожлантириш бўйича ҳам маълум режаларга эга. Ва истиқболда – умумий энергия бозорларини яратиш режалари бор. Ўзбекистон, маълумки, ЕОИИга ҳам кўз тикмоқда, кузатувчи давлат, шунинг учун ҳам бу ерда мувофиқлаштириш жуда муҳим”, дейди Кремль вакили.
Песков яна бир муҳим омил сифатида Шимолий Қозоғистоннинг эҳтиёжлари анъанавий равишда Россиядан етказиб бериладиган газ билан таъминланаётганини кўрсатди. Қозоғистонда Россиядан газ олиб, ўз ҳудуди эҳтиёжларини қондириш ёки янги қувур тизимини яратиш учун ўнлаб миллиард доллар сарфлаш варианти бор, дея тушунтирди Россия Федерацияси президенти матбуот котиби.
“Ва биз, ўз навбатида, Шарқий Сибирда янги вилоятни ривожлантирмоқдамиз. Бу экспорт учун ҳам, бизнинг минтақаларимиз учун ҳам”, дейди Песков.
Тоқаев 28 ноябрь куни Россия бош вазири Михаил Мишустин билан учрашувда президент Владимир Путин аввалроқ якунланган музокараларда Ўзбекистон иштирокида уч томонлама иттифоқ тузиш зарурлиги ҳақида гапирганини айтди. Тоқаевнинг қўшимча қилишича, Қозоғистон томони “исталган натижа ва келишувларга эришиш” учун “бу мавзуни чуқур ўрганиши керак”.
Эслатиб ўтамиз, Россия Ўзбекстон ва Қозоғистон орасида газ иттифоқи тузиш ҳақидаги хабарлар 28 ноябрь куни, Тоқаевнинг Москвага ташрифи вақтида пайдо бўлди. Кейинроқ унинг тафсилотларини Россия ҳукумати раиси ўринбосари Александр Новак маълум қилган эди. Унга кўра газ иттифоқи ички ва ташқи бозорларда газ савдосини мувофиқлаштиришга қаратилган бўлади.
Маълумот учун, Россия, Ўзбекистон ва Қозоғистон орасида совет Иттифқи даврида қурилган газ транспорт тизими мавжуд. Ундан ташқари, Ўзбекистон 2007 йилда "Туркманистон — Ўзбекистон — Қозоғистон — Хитой" халқаро газ транспорт магистралига қўшилган эди. Ушбу газ қувури дунёнинг энг узун газ магистрали (7000км) ҳисобланади. 2014 йилда эса, "Ўзбекистон-Хитой" газ қувурининг тўртинчи тармоғини қуриш бўйича меморандум имзоланган эди.
2022 йил бошида Ўзбекистон Хитойга газ етказиб бериш ҳажмини икки баравар оширди ва кунчиқар мамлакатга энг кўп газ етказиб берувчи бешликка кирган эди.