ТОШКЕНТ, 29 ноя — Sputnik. Ўзбекистон фуқаролари Қозоғистонда 30 календар кунгача рўйхатдан ўтмасдан қолишлари мумкин бўлади. Тегишли протокол икки давлат ички ишлар вазирлиги томонидан тайёрланган.
Ҳужжатга кўра, фуқароларнингбўлиш муддати чегарани кесиб ўтган пайтдан бошлаб 30 кундан ошмаса, улар мамлакат ҳудудига кириши ва ҳаракатланиши мумкин.
Ҳозирда ҳар икки давлат фуқаролари бошқа давлат ҳудудида фақат беш кун рўйхатдан ўтмасдан қолиши мумкин.
Шу билан бирга, ҳужжат лойиҳасида агар бир давлат фуқароси бошқа давлатда 30 календар кундан ортиқ бўлса, у ҳолда вақтинчалик яшаш учун рухсатнома олиши шартлиги кўрсатилган. Шу билан бирга, исталган транспорт турида чегарани кесиб ўтишда миграция карталарини олиш ва тақдим этиш талаби ҳужжатдан чиқариб ташланган.
Aйни пайтда ҳужжат протоколи 12 декабрга қадар давом этадиган жамоатчилик муҳокамасида.