ТОШКЕНТ, 29 ноя — Sputnik. Ошқозон яраси ўз вақтида даволанмаса, саратонга айланиши мумкин. Бу ҳақда Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази бўлим раҳбари, тиббиёт фанлари доктори Олим Ғуломов таъкидлади.
Сўнгги йилларда Ер юзида овқат ҳазм қилиш тизими касалликлари, хусусан, ошқозон яраси билан оғриётган беморлар сони ортиб бормоқда. Асосан 20-40 ёш атрофидаги эркакларда учрайдиган бу хасталик йилдан йилга ёшариб, мактаб ўқувчилари, талабалар орасида ҳам тез-тез кузатиляпти.
“Тўсатдан иштаҳа йўқолиши, кўнгил айниши, кучли оғриқ безовта қилганда кўпчилик бунга етарли эътибор бермайди. Ўз билганича даво чораларини излайди. Аслида эса ушбу белгилар ошқозон яраси касаллиги аломати бўлиши мумкин”, дейди шифокор.
Қайд этилишича, бу хасталик сурункали бўлиб, ошқозон, ўн икки бармоқли ичак ва бошқа овқат ҳазм қилиш аъзоларида бемор ҳаётига хавф солувчи асоратлар билан кечади.
Ошқозон яраси бир қанча умумий белгилар билан намоён бўлади: оч қоринга тунги оғриқлар, иштаҳанинг пасайиши, баъзида буткул йўқолиши, кўнгил айниши, баъзида қайт қилиш шулар жумласидан.
Оғриқлар кўп ҳолларда тўш орти ва юрак соҳасида кузатилади. Касаллик одатда эрта баҳор ва кеч кузда қўзғайди. Баъзида беморлар ўзларича дориларни қабул қилиб, шифокорга кеч мурожаат қилишади. Натижада хасталикка кеч ташхис қўйилади ва баъзи асоратлар юзага келади.
Таъкидланишича, соғлом овқатланиш тартибига риоя қилмаслик (узоқ вақт қуюқ таом ейиш, қуруқ нон-чой билан чекланиш, овқатланишлар орасидаги узоқ танаффус), ишда ва оиладаги носоғлом руҳий ҳолат, зарарли одатлар (чекиш, спиртли ичимлик истеъмол қилиш), ирсий омиллар хавфли касаллик қўзғовчилари ҳисобланади.
“Агар шифокорга ўз вақтида мурожаат қилинмаса ёки берилган тавсияларга қулоқ тутилмаса, айрим асоратлар, хусусан, яра тешилиши, пенетрацияси, ичдан қон кетиш ва пилорус стенози кузатилади. Энг ёмони, яра саратонга айланиб кетиши ҳам мумкин. Меъдадан қон кетганида бемор қон қусади”, дейди шифокор.
Хабарда айтилишича, кўп қон кетганда бош айланади, дармон қурийди, артериал босим пасайиб, тахикардия (юрак тез уриши) пайдо бўлади. Асоратларнинг олдини олиш учун беморлар йилда икки марта: куз ва баҳор ойларида шифокор кўригидан ўтиши лозим.