ТОШКЕНТ, 29 ноя — Sputnik. Бош прокуратура Академияси негизида Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси ташкил этилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг “Жиноятларни тергов қилиш соҳасида малакали кадрларни тайёрлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида”ги фармонида белгиланди.
Фармонга кўра, ташкил этилаётган Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясида жиноятларни тергов қилиш соҳасида кадрларни амалиёт билан узвий боғлиқлигини таъминлаган ҳолда ягона ёндашув асосида тайёрлашга қаратилган узлуксиз ўқув тизими йўлга қўйилади.
Тошкент давлат юридик университетининг ихтисослаштирилган филиали тугатилиб, унинг штат бирликлари, ўқув ва моддий-техника базаси Академияга ўтказилади.
Академия Бош прокуратура ташкилий тузилмасига кирувчи, юридик шахс мақомига эга, ихтисослаштирилган олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланади.
Жиноятларни тергов қилиш соҳасида мутахассисларни чуқурлаштирилган мақсадли базавий тайёрлаш ва тергов ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятининг бошқа соҳаларида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш Академия фаолиятининг асосий йўналишларидан биридир.
2023/2024 ўқув йилидан Академияда тергов фаолияти ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятининг бошқа соҳаларида бакалавриат (3 йил) ва магистратура (1 йил) бўйича ўқув жараёни ташкил этилади.
Бунда қабул квоталари бакалавриат бўйича – 250 нафаргача талаба, магистратура бўйича – 50 нафаргача олий юридик маълумотли ваколатли давлат органлари ходимларини ташкил этади.
Академиянинг қабул параметрлари ҳар йили Президент томонидан белгиланади.
Академияга қабул қилишда абитуриентларнинг муайян тоифаларига республиканинг бошқа олийгоҳларига кириш учун қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзлар татбиқ этилмайди.
Шунингдек, Ваколатли давлат органлари ходимлари учун Академияда тегишли ўқув дастурлари бўйича касбий қайта тайёрлаш ва малака оширишнинг мажбурий тартиби жорий қилинади.