ТОШКЕНТ, 29 ноя — Sputnik. Жорий йил 1 декабрдан бошлаб жарима балларини ҳисоблаш тизими тест режимида ишга туширилади. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати хабар берди.
Бунда қоидабузарликлар автоматик тарзда дастурий таъминотда қайд этиб борилади. Ҳисобланган жарима баллари белгиланган миқдордан ошганда ҳайдовчини бошқарув ҳуқуқидан маҳрум қилиш назарда тутилган.
Аҳолидан келиб тушиши мумкин бўлган эътирозларни олдини олиш мақсадида тест режими вақтида аниқланган қоидабузарликлар бўйича баллар ҳисобга олинмайди.
Синов вақтида тизимдаги ҳамда содир этилган қоидабузарликлардаги барча хато ва камчиликлар тизимни техник қўллаб-қувватлаш даврида босқичма-босқич аниқланиб, бартараф этилиб, тизим такомиллаштириб борилади.
Дастурий таъминот синовдан ўтказилиб, аниқланган хато ва камчиликлар тўлиқ бартараф этилгандан кейин тизим ишга туширилиб, ҳайдовчилар томонидан содир этилган қоидабузарликлар учун жарима баллари ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил апрелда имзолаган "Автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ 1 декабрдан қоидабузар ҳайдовчилар учун жарима баллари ҳисоблаш тартиби жорий этилиши белгиланган эди.
Унга кўра, 2022 йил 1 декабрдан бошлаб ҳар бир йўл ҳаракати қоидабузарлиги учун 12 ой давомида алоҳида жарима балларини ҳисоблаб бориш, ҳисобланган жарима баллари белгиланган миқдордан ошган ҳолларда ҳайдовчини маълум муддатга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш, қоида бузмаган ҳайдовчиларга кейинчалик ҳисобланган жарима балларини қисқартириш орқали рағбатлантириш чоралари қўлланиши тартибини назарда тутувчи ҳайдовчиларга йўл ҳаракати қоидабузарлиги учун жарима балларини ҳисоблаш тизимини жорий этиш белгиланган.