ТОШКЕНТ, 29 ноя - Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев 28 ноябрь куни Бухоро – Урганч – Хива темир йўлини электрлаштириш лойиҳаси бўйича тақдимот билан танишди.
Лойиҳа доирасида Бухородан Хивагача бўлган 465 километртемир йўл тармоғи электрлаштирилади, бекат, нимстанциялар ва бошқа иншоотлар қурилади.
Президент ознакомился с проектом электрификации ж/д Бухара - Хива
© Пресс-служба президента Узбекистана
Шундан сўнг поездларнинг юқори тезлиги соатига 250 километргача ошади. Натижада йўловчиларнинг Тошкентдан Урганчгача етиб бориш вақти 14 соатдан 6 соатга, Бухородан Хивагача 8 соатдан 3 соатгача қисқаради, - дейилган хабарда.
Тезлик эвазига темир йўлнинг ўтказувчанлиги ҳам ошади. Юк ташиш имконияти йилига 11 миллион тоннагача, йўловчилар сони 2 миллион 300 минг нафарга етади. Поездлар электр энергиясида юриши ҳисобига йилига 18 минг тонна дизел ёқилғиси тежалади.
Президент лойиҳанинг сифатли бўлишига алоҳида аҳамият қаратди.
– Аввалги лойиҳаларда мутахассисларимиз анча тажриба орттирди, чет эллик консультантлар ҳам жалб этилди. Энди асосийси – ишни сифатли бажариш. Бу йўлни қанча яхши қилсак, халқимизга шароит, туристлар учун қулайлик, иқтисодиётимизга манфаат бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.
Бухоро ва Хоразм вилояти ҳокимларига тезюрар поезд ўтадиган туман ва шаҳарларда йўл бўйи хизматларини ташкил этиш бўйича топшириқ берилди.
– Темир йўл борган жойга маданият боради, ҳаёт жонланади. Шундай экан, бекатлар атрофида, ҳудди автомобиль йўлларида бўлганидек, савдо ва хизмат шохобчаларини кўпайтириш керак. Яна бир вазифа – темир йўл бўйлаб чўл иқлимига мос дарахт ва буталар экиш зарур. Бу ҳам ҳудуд экологиясига таъсир қилади, ҳам йўл бўйларига кўрк бағишлайди, – деди давлатимиз раҳбари.
Ундан ташқари, президент ушбу лойиҳага ҳамоҳанг тарзда, Нукус шаҳригача бўлган темир йўлни ҳам электрлаштириш бўйича кўрсатма берди. Бунинг натижасида Тошкент билан Нукус ўртасидаги қатнов вақти 16 соатдан 7 соатгача қисқаради.
Эслатиб ўтамиз, 2018 йилда Бухоро – Мискин темир йўли қурилиб, Хивагача масофа 242 километрга қисқарган эди. Энди навбат ушбу йўлни электрлаштиришда. Чунки электр поездининг унумдорлиги 4,5 баробар юқори.
Мазкур лойиҳанинг қиймати 445 миллион доллар. Шундан 270 миллион доллари Осиё тараққиёт банки ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банкидан жалб этилади.