ТОШКЕНТ, 28 ноя — Sputnik. Халқаро савдо инқироз ҳолатида, Россия иқтисодиётини янги бозорларга йўналтирмоқда. Бу ҳақда Россия президенти Владимир Путин Россия ва Қозоғистон ўртасидаги XVIII минтақалараро ҳамкорлик форуми иштирокчиларига мурожаатида таъкидлади.
“Халқаро савдо инқироз ҳолатида. Шуни ҳисобга олган ҳолда Россияда экспорт-импорт операцияларини янги бозорларга йўналтириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда”, - деди Путин.
Россия раҳбари икки мамлакат турли соҳаларда, жумладан, юқори технологияли соҳаларда ҳамкорликда ишлаш учун кенг истиқболга эга эканлигини таъкидлади.
У, шунингдек, Россия Қозоғистон иқтисодиётига энг йирик сармоядорлардан бири бўлган ва шундай бўлиб қолаётганини эслатиб ўтди – умумий сармоя миқдори қарийб 17 миллиард долларга баҳоланмоқда.
“Иқтисодиётнинг барча муҳим тармоқларида истисносиз 30 дан ортиқ йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда”, - деди Путин.
У, шунингдек, Қосим-Жомарт Тоқаев президентликка қайта сайланганидан сўнг илк ташрифини Россияга қилганини таъкидлади. Путин бу сафарни ўзига хос деб атади, унинг сўзларига кўра, бу икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг хусусиятига урғу беради. Тоқаев ҳам ўз ташрифини рамзий деб атади ва унинг сиёсий аҳамиятига эътибор қаратди.
Маълумот учун, бу йилги форум Оренбургда бўлиб ўтмоқда ва у халқаро савдодаги инфратузилма чекловларини олиб ташлашга бағишланган. Муҳокамаларда ҳукумат, бизнес ва эксперт доиралари вакиллари иштирок этмоқда.