Россия элчиси билан ҳамкорликни барча даражаларда ривожлантириш муҳокама қилинди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари ва Россиянинг мамлакатдаги элчиси икки давлат ҳамкорлиги мисли кўрилмаган даражада юқори даражага кўтарилганини мамнуният билан қайд этишди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 28 ноя — Sputnik. Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Баҳром Аълоев Россиянинг мамлакатдаги элчиси Олег Мальгиновни қабул қилди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда томонлар сўнгги йилларда кўп қиррали Ўзбекистон-Россия ҳамкорлиги мисли кўрилмаган даражада юқори даражага кўтарилганини мамнуният билан қайд этдилар.
“Давлатлараро ҳамкорликни барча даражаларда ривожлантиришнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари тўғрисида фикр алмашилди”, - дейилади хабарда.
Таъкидланишича, келгуси тадбирларнинг жадвали ва кун тартиби турли даражаларда кўриб чиқилади. Томонлар халқаро ва минтақавий институтлар доирасида мулоқотни давом эттиришга тайёр эканликларини билдиришди.
Шунингдек, савдо-иқтисодий алоқалар ва саноат кооперациясини фаоллаштириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.