Қорақалпоғистондаги тартибсизликлар бўйича суд бошланди

Нукусдаги тартибсизликлар бўйича 22 киши суд қилинмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 28 ноя — Sputnik. Бугун, 28 ноябрь куни Бухоро вилоят суди биносида Нукус шаҳрида содир этилган оммавий тартибсизликлар юзасидан 22 нафар судланувчига оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни бошланди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби хабар қилди.
Ушбу жиноят иши Қорақалпоғистон Республикаси судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси Е. Абибуллаев раислигида биринчи инстанция судида кўриб чиқиляпти.
Дастлабки тергов органининг айблов хулосасига кўра судланувчилар Д. Тажимуратов, Л. Каллиханова, А. Турданов, А. Сметуллаев, Д. Жиемуратов, Б. Кадирбергенов, Б. Сейтниязов, А. Тоқимбетов, Қ. Сейтимов, А. Нуратдинов, С. Медетов, Н. Найипов, П. Шамшетов, Р. Бекмуратов, С. Каипов, Б. Генжебаев, С. Калилаев, П. Нурниязов, С. Калимов, Н. Султамуратов, А. Темирханов ва А. Адилбеков Жиноят кодексининг 28, 104, 104, 159, 164, 167, 227, 243, 244, 244-1, 247 ва 277-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.
Ҳозирда 20 нафар судланувчига нисбатан “қамоққа олиш”, 1 нафарига “уй қамоғи” ва 1 нафарига “жамоа кафиллиги” тарзидаги эҳтиёт чоралари қўлланилган.
Қайд этилишича, суд жараёни очиқ тарзда ўтказилиб, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар учун суд мажлисларини видеоконференцалоқа воситасида тўғридан-тўғри кузатишга мўлжалланган ҳамда барча техник шароитлар яратилган матбуот зали ташкил этилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1-2 - июль кунлари Нукус шаҳрида Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тизими, ҳудудий яхлитлиги ва бирлигига путур етказишга уриниш юз берди. Конституциявий ислоҳотлар бўйича умумхалқ муҳокамасига киритилган таклифларга қарши норозилик баҳонасида бир гуруҳ тажовузкор шахслар томонидан давлат ҳокимияти органлари биноларини зўравонлик, отишма ва куч ишлатиш орқали эгаллаб олишга ҳаракатлар ташкил этилди.
Оммавий вайронгарчилик ва ваҳшийликлар чоғида Жўқорғи Кенгес (парламент), Нукус шаҳар ИИББ ва Миллий гвардия бошқармаси биноларига ҳужум қилишга уринишлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларини гаровга олиш ва уларнинг ўқотар қуролларини тортиб олиш, давлат, жамоат ва шахсий мол-мулкка ўт қўйиш, бузиш ва йўқ қилиш, шаҳар инфратузилмасига жиддий зарар етказишга уринишлар кузатилган.
Бундан ташқари, ҳужумлар пайтида 107 нафар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари жиддий тан жароҳати олган, жумладан уларнинг 23 нафари оғир аҳволда қолмоқда. Давлат органларининг жами 270 нафар ходими турли даражадаги тан жароҳатлар олдилар.