“Алибобо ва қирқ қароқчи” фильми ремикси яратилади

1980 йилда экран юзини кўрган ўзбек режиссёри Латиф Файзиев ва ҳинд режиссёри Умеш Меҳра ҳамкорлигида суратга олинган "Алибобо ва қирқ қароқчи" фильми энг сара асарлардан бири саналади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 28 ноя — Sputnik. Ҳиндистонлик режиссёр Умеш Меҳра машҳур киношедевр “Алибобо ва қирқ қароқчи” фильми ремиксини яратиш устида иш олиб бормоқда, деб хабар қилмоқда Sputnik мухбири.
Мазкур ремикс замонавий талқинда бўлиб, унда маҳоратли ўзбек ва ҳинд актёрлари иштирок этишади.
Шу билан бирга, Умеш Меҳра ўзбек ва ҳинд афсоналарига бағишланган “Шер ва Гул” номли янги кинолойиҳа устида иш олиб бормоқда. Мазкур лойиҳа тарихий жанрда бўлиб, 2 қисмли тўлиқ бадиий фильм бўлади.
Ўзбек режиссёри Латиф Файзиев ва ҳинд режиссёри Умеш Меҳра ҳамкорлигида суратга олинган "Алибобо ва қирқ қароқчи" фильми 1980 йилда экран юзини кўрган. Фильм Ҳиндистон, Тошкент, Самарқанд ва Душанбеда суратга олинган. Унда ўзбек, ҳинд, рус, грузин, қирғиз, арман актёрлари рол ижро қилган.
Фильм Ҳиндистон, Россия, Италия, Франция, Венгрия, Польша ва деярли бошқа барча мамлакатларда ҳам намойиш қилинган. Аммо энг кўп Ҳиндистон ва СССРда машҳурликка эришган. 1980 йилда Совет кинопрокатида 52,8 миллион томошабин билан етакчи фильмлар орасида 5-ўринни эгаллаган.
Ҳиндистонда фильм ярим йилдан кўпроқ вақт экрандан тушмаган. Душанбедаги Бутуниттифоқ кинофестивали ҳамда 1981 йилда Белграддаги кинофестивалда ҳам намойиш этилиб, мукофотга лойиқ топилган.