“Air Arabia” Наманган-Шаржа парвозларини йўлга қўйди

Шаржа ва Наманган ўртасидаги парвозлар мунтазам равишда ҳафтасига уч марта амалга оширилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 28 ноя — Sputnik. “Air Arabia” авиакомпанияси Шаржа ва Наманган ўртасида мунтазам қатновларни йўлга қўймоқда.
28 ноябрь куни Наманган халқаро аэропортига илк бор “Air Arabia” авиакомпаниясининг самолёти келиб қўнди.
“Uzbekistan Airports” хабарига кўра, Наманган – Шаржа йўналиши бўйича илк парвоз арафасида аэропортда тантанали маросим бўлиб ўтган. Наманган аэропорти ва “Air Arabia” авиакомпанияси вакиллари рамзий қизил тасмани кесиб, 170 нафар йўловчига мўлжалланган биринчи рейсга рўйхатдан ўтиш жараёнини бошлаб беришган.
Парвозлар қулай А-320 самолётларида мунтазам равишда ҳафтасига уч марта амалга оширилади: Намангандан учиш душанба, жума ва якшанба кунларига белгиланган.
“Air Arabia” - штаб-квартираси Шаржада (БАА) жойлашган арзон авиакомпания бўлиб, Шаржа ва Искандария аэропортларидан, шунингдек, Марокашдаги тўртта аэропортдан Яқин Шарқ, Жануби-Шарқий Осиё, Европа, МДҲ давлатлари ва бошқа мамлакатларга йўловчи ташиш билан шуғулланади.