Россия бош вазири Ўзбекистонга келади

Россиянинг Ўзбекистондаги Савдо ваколатхонаси маълумотларига кўра, ташриф 1-2 декабрь кунлари амалга оширилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 27 ноя — Sputnik. Россия бош вазири Михаил Мишустин 1-2 декабрь кунлари Ўзбекистонда ташриф билан бўлади. Бу ҳақда Россиянинг Ўзбекистондаги Савдо ваколатхонаси хабар бермоқда.
Самарқандда Россия-Ўзбекистон бизнес форуми бўлиб ўтади. Форумнинг асосий мажлисида Россия Ҳукумати раҳбари Михаил Мишустин ва Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов иштирок этади.
Форумда транспорт-логистика, саноат лойиҳалари, савдо-иқтисодий ҳамкорлик, кичик ва ўрта бизнес ўртасидаги ҳамкорлик каби масалалар муҳокама қилинади.
Қолаверса, тадбир доирасида Россия-Ўзбекистон ишбилармонлар кенгашининг мажлиси бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда россиялик ишлаб чиқарувчиларнинг Халқаро бизнес миссияси бўлиб ўтган эди. Республикага Россиянинг тоғ-кон, металлургия ва юк ташиш ускуналарини ишлаб чиқарувчи 15 та корхонаси вакиллари келганди.
Ялпи мажлисда иштирокчилар Ўзбекистон бозорига киришнинг ўзига хос хусусиятлари, мамлакатда ташқи савдо фаолиятини тартибга солиш ва юритиш тартиби, кон-металлургия саноатида лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этиш имкониятлари, шунингдек, чекловлар остида экспорт қилиш истиқболларини муҳокама қилишди.