Қуюқ туман Фарғона водийсидаги аэропортлар фаолиятини чеклаб қўйди

Фарғона ва Наманганга қўниши лозим бўлган рейслар Тошкентдаги муқобил аэродромга йўналтирилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 27 ноя — Sputnik. Кеча тунда тушган қуюқ туман Фарғона водийсидаги аэропортлар фаолиятини чеклаб қўйди. Бу ҳақида Uzbekistan airports хабар берди.
Айтилишича, Фарғона ва Наманганга қўниши лозим бўлган рейслар Тошкентдаги муқобил аэродромга йўналтирилди.
Хусусан, об-ҳаво шароити туфайли – кўриш масофаси 50 метрдан кам – “Аэрофлот” авиакомпаниясининг SU-1970 рейси Фарғона аэропортига қўна олмай, Тошкент халқаро аэропортига йўналтирилди.
Самолёт пойтахтга маҳаллий вақт билан 18:33да қўнди. Пойтахтдан Фарғонага учиш Тошкент вақти билан соат 07:00да, Фарғонадан Москвага (Шереметево) соат 08:50да режалаштирилган.
Шунингдек, “Uzbekistan Airways” авиакомпаниясининг Истанбулдан учган HY278 рейси маҳаллий вақт билан соат 20:47да Тошкентга қўнди.
Кўринишнинг ёмонлиги (200 метр) туфайли Наманган аэропорти ҳам Ямал авиакомпаниясининг Москвадан учган LLM9113 рейсини қабул қила олмади. Самолёт Тошкентга соат 17:46да қўнди.
Қуйидаги рейслар ҳам об-ҳаво шароити туфайли кечиктирилди:
J91645/1646 Қувайт - Наманган - Қувайт (тахминий етиб келиш вақти - 22:10);
FZ 781/782 Дубай - Наманган - Дубай (келиш - 01:20);
LLM 9123/9114 Санкт-Петербург - Наманган - Москва (келиш соат 05:30);
HY82 Тошкент – Фарғона (келиш 21:50) ва HH12 Тошкент – Фарғона (келиш соат 06:20).