Тошкентда мактаб ўқувчилари учун таълим фестивали бўлиб ўтади

Тадбирда мактаб ўқувчилари ва уларнинг ота-оналари Россияда ўқиш ва Сибир федерал университетига кириш ҳақида маълумот олишлари мумкин.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 26 ноя — Sputnik. Тошкентда 30 ноябрь куни Сибир федерал университети (СФУ) “Русский дом”да таълим фестивалини ўтказади. Тадбир икки блокдан, жумладан абитуриентлар учун олимпиада ва мактаб ўқувчиларини касбга йўналтиришдан иборат.
Фестивалда 11-синф битирувчилари ўртасида ўтказиладиган “Муваффақиятли абитуриент” университет олимпиадаси энг муҳим воқеалардан бири бўлади.
У математика, физика, информатика, кимё ва биология фанларидан бўлиб ўтади.
Олимпиадада ғалаба қозонганлар СФУга кириш учун қўшимча балларга эга бўлишади ва университетда бепул курсларни олиш имкониятини қўлга киритадилар.
Бундан ташқари, фестиваль дастури тақдимотлар, маҳорат дарслари ва СФУ ходимларининг маслаҳатларини ўз ичига олади.
Тадбирларда иштирок этиш учун олдиндан рўйхатдан ўтиш керак. Бундан ташқари, рўйхатдан ўтган ҳар бир иштирокчи СФУдан рус тили, математика, физика ва кимё бўйича бепул тайёргарлик курсларига ҳавола олади.
Эслатиб ўтамиз, Сибир Федерал Университети (СФУ) Россиянинг шарқий қисмидаги энг йирик университетдир.
У 2006 йилда тўртта университетнинг бирлашиши натижасида ташкил этилган. 2021 йилда у “Forbes”нинг бўлажак элита учун энг яхши Россия университетлари рейтингида 21-ўринни эгаллади. РАЕХ маълумотларига кўра, 2022 йилда Россиянинг энг нуфузли университетлари рейтингида 24-ўринни қўлга киритди.
Ушбу университет битирувчилари орасида таниқли россиялик сиёсатчилар, Олимпия чемпионлари, ҳарбийлар ва академиклар бор.