Бутунжаҳон ҳалол саммити: ўзбекистонлик ошпазлар совринли ўринларни қўлга киритишди

Ўзбекистон Ошпазлар уюшмаси жамоаси 3та кумуш ва 1та бронза медалига сазовор бўлди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 26 ноя — Sputnik. Туркиянинг Истанбул шаҳрида бўлиб ўтаётган "Бутунжаҳон ҳалол саммити 2022" доирасида ҳалол таомлар чемпионати ўтказилмоқда. Унда Ўзбекистон Ошпазлар уюшмаси жамоаси совринли ўринларни қўлга киритди, дея хабар берди Туризм ва маданий мерос вазирлиги.
Бутунжаҳон ҳалол саммитида 80та давлатдан тадбиркорлик субектлари вакиллари, олимлар, экспертлар, умумий овқатланиш соҳаси мутахассислари иштирок этмоқда.
Саммит тажриба алмашинувига кўмаклашиш, ҳалол мезонлари бўйича пазандачиликни ривожлантиришнинг истиқболли йўналишларини аниқлаш, касб маҳоратини ошириш, дунё бўйлаб мутахассислар ўртасида тажриба алмашиш, бу борадаги замонавий тенденцияларни аниқлашга қаратилган.
Ўзбекистон Ошпазлар уюшмаси жамоаси
Ўзбекистон Ошпазлар уюшмаси жамоаси қуйидаги совринли ўринларни қўлга киритди:
Абу Ҳурайра Тўйчихўжаев – “Замонавий ошхона – гўштли таом” ва “Балиқли таом” номинациялари бўйича 2 та кумуш (иккинчи ўрин);
Элербек Мирбабоев – “Замонавий ошхона – гўштли таом” номинацияси бўйича иккинчи ўрин (кумуш);
Шоҳрузхон Ибрагимов – “Балиқли таомлар” номинациясида учинчи ўрин (бронза).
Айтилишича, саммит билан бир вақтда “Halal Expo 2022” кўргазмаси ҳам бўлиб ўтмоқда. Унда умумий овқатланиш бозоридаги энг янги технологиялар намойиш этилмоқда.