Ўзбекистонликлар татар тилида диктант ёзишда қатнашишлари мумкин

Шанба куни “Рус уйи”да “Татарча диктант” бутунжаҳон таълим кампанияси бўлиб ўтади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 25 ноя — Sputnik. Тошкент шаҳри аҳолиси ва меҳмонлари “Татарча диктант” бутунжаҳон таълим кампаниясида иштирок этишлари мумкин бўлади.
Татар тилидаги саводхонликни текшириш бўйича акциянинг ўзи 25–27-ноябрь кунлари бўлиб ўтади, дея хабар беради Татар жамоат маданий-маърифий маркази матбуот хизмати.
Шу билан бирга, Татаристон ва Бошқирдистондан келган иштирокчилар 25 ноябрда, Россиянинг бошқа вилоятлари аҳолиси 26 сентябрда диктант ёзадилар. Хорижий мамлакатларда эса диктант 27 ноябрь, якшанба куни ўтказилади. Ўзбекистонликлар 26 ноябрь куни диктант ёзишда қатнашиши мумкин.
Ушбу акция анъанавий ихтиёрий ва бепул ўтказилади. Унда ёши, жинси, маълумоти, дини, касби, оилавий аҳволи ва қизиқишларидан қатъи назар, ҳар ким иштирок этиши мумкин. Бу йил акция еттинчи марта ўтказилмоқда.
Тошкентда диктантда қатнашиш учун аввал рўйхатдан ўтиб, алоқа маълумотларини кўрсатиш керак. Дастлабки 70 нафар рўйхатдан ўтганлар “Рус уйи”да диктант ёзади, қолганлар эса онлайн тарзда акцияда қатнашишлари мумкин бўлади.
Маълумот учун, Ўзбекистонда 2021 йилнинг 1 январь ҳолатига 187,3 минг нафар татар миллати вакиллари яшаётгани қайд этилган.