ТОШКЕНТ, 25 ноя — Sputnik. Нормат Турсунов Навоий вилоятининг ҳокими этиб тасдиқланди. Бу ҳақида Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтказилган Халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгаши сессиясида маълум қилинди.
Кенгашда Навоий вилояти ҳокимини тайинлаш масаласи овозга қўйилди. Овозга қўйиш натижаларига кўра, Нормат Турсунов Навоий вилоятининг ҳокими этиб тасдиқланди.
Янги ҳоким бугундан бошлаб ўзининг ўринбосарлари, туман ва шаҳарлар ҳокимлари, сектор раҳбарлари, фаоллар, тадбиркорлар ва ёшларни бирлаштириб, ҳар бир туман ва шаҳарни, қишлоқ ва маҳаллани ривожлантириш чораларини кўриши лозимлиги таъкидланди.
Маълумот учун, Нормат Турсунов ўтган йили президент фармони билан Навоий вилояти ҳокими вазифасини бажарувчиси этиб тайинланганди.
У 2015 йилдан 2017 йилга қадар Навоий вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган. Шунингдек, 2017−2018 йилларда Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари вазифасида ўз фаолиятини олиб борган.